Ўзбекистон | 23:50 / 18.12.2017
35108
8 дақиқада ўқилади

Заводга саёҳат: Термизда қамишдан сифатли ва арзон фанер маҳсулоти тайёрланмоқда

Фото: KUN.UZ

Сурхондарё вилоятига уюштирган ижодий сафаримиз давомида Термизда ДСП (русчадан таржима қилинса — древесностружечная плита, ёғоч-пайрахали плита) фанерлари ишлаб чиқарилаётгани, боз устига, хомашё сифатида Амударё соҳилларида қаровсиз, ўз ҳолича ўсиб ётган қамишдан фойдаланилаётгани ҳақидаги хабарни эшитишимиз билан, ушбу корхона билан яқиндан танишиш истагимиз чандон ортди.

2017 йилнинг июль ойидан фаолият кўрсатаётган, 150 га яқин ишчи меҳнат қилаётган «Сурхон КСП Грант» масъулияти чекланган жамиятида (раҳбари Баҳодир Қодиров) корхона эҳтиёжлари учун Амударё бўйларида ўсаётган қамиш пишиб етилгач, куз ойларида мавсумий ишчилар жалб қилинган ҳолда ўриб олинар ва жамғарилар экан.

Бизга тушунтиришларича, қамиш барралигида ўрилса, унинг толалари мустаҳкамлиги кўзланган даражада бўлмас экан. Шу сабабли қамиш сентябрь ойидан декабрь ойларигача ўриб жамғарилади. Айни пайтда Амударё бўйларида табиий равишда ўсаётган қамишларнинг атиги 7–10 фоизидангина фойдаланилмоқда. Қамишнинг ўрилмасдан қолган қисми Афғонистон билан чегара очиқ кўриниб туришлиги учун чегарачилар томонидан ёқиб юборилади, қолганини ўриб олиб келиш саноат корхонасининг эҳтиёжидан ортиқ, бунга етарли ишчи кучи ҳам йўқ.

«Корхонадаги станокларнинг барчаси Хитойда қамиш учун мослаштирилиб, махсус ишлаб чиқарилган. Барча жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилган. Хитойдаги ҳамкорлар ҳам келиб, бу ерда иш қандай ташкил этилганини кўриб, қолаверса, Музработ туманида Амударё соҳилларида поёнсиз қамишзорларни томоша қилиб, бу ишга жуда қизиқиб қолишди. Чунки хомашё текин — ўзи ўсиб ётибди. Фанер ясаш учун зарур бўладиган елим ҳам «Навоийазот» корхонасида ишлаб чиқарилади. Бу саноатни 100 фоиз маҳаллийлаштириш дегани», — дейди вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Рустам Пардаев.

Хитойлик ҳамкорлар «янги завод учун фақат ер ажратиб, биносини қуриб берсаларинг бу заводдан олти баробар каттароғини барпо этамиз», деб кетишган. Улар бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнини ўз кўзлари билан кўриб, лол қолишган. Чунки шу пайтгача улар терак, ғўзапоя ва бошқа дарахтлардан фанер ишлаб чиқариш учун станокка буюртма олишган, бироқ қамишдан фанер ишлаб чиқарилаётганини улар ҳам биринчи бор учратиши экан.

Қайд этиш жоизки, Термизда ишлаб чиқарилаётган, қамишдан ясалаётган ДСПнинг сифати хориждан олиб кирилаётганидан асло қолишмайди, бироқ нархи анча арзон.

«Бешта асосий параметр бўйича, айтайлик, Россиядан кириб келаётган фанерлардан биз ишлаб чиқараётганимиз устунлигини кўрсатиб берган», дейди корхонанинг ишлаб чиқариш бўйича бошлиқ ўринбосари Аббос Набиев.

«Термизда ишлаб чиқарилаётган фанернинг энг катта афзаллиги — унинг намликка чидамлилигидир. Чунки қамиш сувда ўсгани учун унинг структураси намликка бардошли ҳисобланади, ундан ясалган фанерда ҳам бу ижобий хоссаси сақланмоқда. Яъни, ёғочга нисбатан унинг сув ютувчанлик хусусияти 30 фоизга пастроқ, унинг хонадондаги оддий намлик шароитида шишиши жуда қийин. Буларнинг бариси лабораторияда фанерлар 24 соатгача сувга бўктириб қўйиб, синовдан ўтказилганидан кейинги натижалар», — дейди А.Набиев.

Айни пайтда заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 30 минг куб фанерни ташкил этади ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар республикамизнинг барча вилоятларидаги мебелсозлар томонидан харид қилинмоқда. Келгусида маҳсулотларни қўшни давлатларга экспорт қилиш ҳам режалаштирилган.

Қамиш маҳсулотини майдалашда чанг қисми контейнерга йиғилади. Бу — экологияга салбий таъсирнинг олдини олиш учун қилинган. Умуман, ишлаб чиқариш жараёни атроф-муҳитга салбий таъсирсиз, мутлақо чиқитларсиз амалга оширилади. Фанер учун тайёрланган қамиш пайрахалари 2 та элакдан ўтказилади, улардан ортган қисми яна қайтадан майдаланишга жўнатилади.

«Ҳаттоки тайёр бўлган фанерларнинг ортиқча қисмларидан чиққан чиқитлар ҳам қайтадан бўлакланишга жўнатилади. ДСП фанери ишлаб чиқариш 100 фоиз чиқитсиз саноат ҳисобланади», — дейди ёш мутахассис Аббос Набиев.

Айни пайтда Музработ туманида ҳам қамишни бўлаклаб берувчи кичик корхона ишга туширилган. Қамиш бирдан ўша ернинг ўзида майдаланиб, хомашё кўринишида Термиздаги ишлаб чиқариш корхонасига келтирилмоқда.

«Ҳозир қамишдан қоғоз ишлаб чиқариш таклифи ҳам атрофлича ўрганиб чиқилмоқда. Бутун республикадан йирик тадбиркорлар келиб, бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнига катта қизиқиш билдиришмоқда», — дейди Рустам Пардаев.

Ишлаб чиқариш жараёни ҳақида бироз ҳикоя қилсак, элакдан ўтган, ишлаб чиқариш учун яроқли маҳсулот (яроқсизи яна қайта бўлакланишга кетишини айтиб ўтдик) транспортер лентаси орқали қуритувчи барабанга келиб тушади. Барабанда иссиқлик ёрдамида хомашёнинг намлиги қочирилади.

Қуриган маҳсулот яна бир марта элакдан ўтказилади. Пайрахалар бу ерда йирикроқ ва майда қисмларга ажратилади. Фанер ясашда ўрта қисмига йирикроқ пайрахалар ва юза қисмига майдалари жойлаштирилади. Сўнгра пайрахалар елим билан аралаштириб, шакл берувчи лентада фанернинг гилами тайёрланади.

Қалинлиги фанер гилами бирламчи прессда 4-5 мПа босим остида 5 сантиметрча келадиган қалинликкача сиқилади. Шундан сўнг асосий жараёнга киришилади. Қайд этиб ўтиш керакки, заводда ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган.

Маҳсулотнинг сифатини назорат қилиб туриш учун датчикли тарозилардан фойдаланилади. Масалан, бирламчи прессдан чиққан маҳсулотнинг оғирлиги 64-65 кг атрофида бўлиши керак. Агар бу килограммда пасайиш ёки кўпайиш бўлса, датчиклар дарҳол маълум қилади. Шу ернинг ўзида маҳсулот сифатига кўра, навларга ажратилади.

Маҳсулотга якуний кўриниш беришда иссиқ прессдан фойдаланилади. У бошқарув пульти орқали автоматлаштирилган ҳолатда бошқарилади. Иссиқ прессдан 6 та фанер биратўла устма-уст жойлаштирилиб, 16 см.гача сиқилади ва ярим тайёр маҳсулот кўринишига келади. Шундан сўнг фанерлар совутувчи чархпалакка ўтади. Маҳсулот 30 дақиқача вақт ичида совутилади тайёр маҳсулот ҳосил қилиши учун аррали лентага ўтилади ва четлари кесилиб, якуний — 183Х275 мм кўринишга келтирилади.

2017 йилда Термиз давлат университетини тамомлаб, ушбу заводга ишга кирган Аббос Набиевнинг айтишича, 25Х8 см ўлчамда кесиб олиниб, 250-300 кг юк билан босиб, синдиришга синалади. Печда қиздирилиб тортилади. Шунақа синовлар даврида фанер узилиб, ажралмаслиги керак, синиши керак.

А.Набиевнинг заводнинг келажакдаги режалари ҳақида ҳам ўртоқлашди. Ҳозир айни пайтда ламинация цехини барпо этиш устида иш олиб борилмоқда. Бу ерда заводда ишлаб чиқарилаётган ДСП фанерлари мебелбоп қилиб ламинация қилинади ва силлиқланади. Бу ерда яна қўшимча иш ўринлари яратилади.

Ишлайман деганга, изланганга имконият кенг, деганлари шу бўлса керак. Амударёдаги қамишларнинг атиги 10 фоизидан шундай мўъжаз завод фаолият кўрсатиб, ички бозорни арзон ва сифатли маҳсулот билан таъминламоқда. Ҳали бундай заводнинг олти баробар каттасини барпо этиш устида музокаралар олиб борилмоқда. Хом ашё эса заводнинг остонасида, ўзи ўсиб ётибди. Энди ўзингиз ўйлайверинг: бу қанча маҳсулот, даромад, экспорт ва ишчи ўринлари эканлигини. Ана шундай корхоналар ва ишбилармонлар кўпайса юртимиз иқтисодиёти янада равнақ топишда давом этаверади, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Шуҳрат Шокиржонов.

Маъруфжон Асқаров олган суратлар.

KUN.UZ мухбирлари.

Мавзуга оид