Ўзбекистон | 13:11 / 23.12.2017
48850
3 дақиқада ўқилади

Мирзиёев: «Ҳокимнинг обрўси давлатнинг обрўси, битта погон кийганнинг эмас!»

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Симпозиумлар саройида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасига мурожаат қилди. Давлат раҳбари бюджет масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

“Нега мен кеча кечқурун тўхтатинглар, дедим? Нимага? Бюджет депутатлар тасдиқласа, амалга ошади. Бюджет кимники? Халқники. Ким? Депутатлар. Молия ким? У ўтирган статист, у ерда 20 йилдан бери ўтирибди бир ватанпарварсиз одамлар, олдинги бир нарсадан қолган нарсалар. Янги қўйган одамларни ҳали кучи етмайди – маҳкам ҳаммасини олиб ташлаб, миллат учун курашишга кучи етмайди. Кучи етмаса ўзи кетади. Шунинг учун кеча сизлар тасдиқлаган қарорга қўл қўймайман. Нотўғри у, мен ўзим ўтириб, кўриб чиқаман. Қўл қўймайман, қаерга борса бораверсин.

Нима учун мен буни куюниб айтмоқдаман? Бу айтилган гапларнинг ҳаммаси юрагимдаги гаплар. Сизлар уйғонмасаларингиз биз қила олмаймиз бу ишларни! Сизлар талаб қилмасангиз, одамлар бизга ишонмайди энди! Мана шуни ҳамма билиши керак. Агар билмасаларинг, бекорга ўтирган бўласизлар. Салгина дунёқарашни ўзгартириб, ҳалол, пок бўлиб ишланглар. Ҳамма шароитни яратамиз, нопокликка аралашманглар.

Энди ҳар бир ҳудуд раҳбари берилган имкониятлардан фойдаланиб, масъулиятни тўла ўз зиммасига олиши, ўз аравасини ўзи тортиши керак. Мана, битта мисол – ўтган 2016 йил якуни бўйича Қорақалпоғистонда маҳаллий бюджетга бир сўм ҳам пул қолмаган. Бир сўмни ҳам бермаган Острогорский, деган бир жамоа бор. Фақат мендан қўрқарди улар, ҳозир ҳаммасини ҳайдаб юбордим, яна икки-учтаси қолган у ерда. Мана, бу йил – Қорақалпоғистон бюджетнинг ҳамма тушумларини бажарди, 90 млрд пул ўзига қолаяпти. Битта ҳудудда. Нега? Олдин ишлаган ҳам бир эди, ишламаган ҳам бир эди. Нега десангиз, туманнинг ҳокими ўзининг молия, иқтисодчиси билан у пул тушган билан унга тушмайди-ку, Острогорскийга тушади. Сув йўқ, газ йўқ, касалхона йўқ, болалар боғчаси йўқ, иссиқлик йўқ. Острогорский биладими Қорақалпоғистондаги шароитни? Острогорскийга ўхшаганлар яшаганми Қорақалпоғистонда? Бу йил бюджетга 90 млрд пул қолади. Кеча мен нега бордим? Қанча ишлар қилмоқдамиз, энг камида 300 млрд пул маҳаллий бюджетга қолади. Ҳар бир вилоят агар шунга ҳаракат қилса – ана одамларнинг дарди, одамларнинг манфаати, ана ҳокимнинг обрўси. Ҳокимнинг обрўси кимнинг обрўси? Давлатнинг обрўси, битта погон кийганнинг эмас”, - деди президент. 

Мавзуга оид