Ўзбекистон | 16:20 / 26.12.2017
8823
3 дақиқада ўқилади

"Россияда иш" порталида "Агентлик шахсий кабинети"нинг қуйи тизими расман очилди

26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги "Россияда иш" ("Работа в России") порталида "Агентлик шахсий кабинети" қуйи тизимининг расмий очилиш маросимига бағишланган матбуот анжуманини ўтказди. Унда РФнинг Меҳнат ва бандлик федерал хизмати раҳбари ўринбосари Михаил Юрьевич Иванков, "Роструд" вакиллари ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари иштирок этишди. 

Фото: Tашқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 апрелда Россия Федерациясига давлат ташрифи давомида имзоланган РФ ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси  фуқароларини ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш тўғрисидаги битим шу йилнинг 21 декабридан кучга кирди. Ушбу битим ишчи  кучи миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва келгусида шу соҳада ҳуқуқий назоратни янада такомиллаштириш, шунингдек РФ ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган мигрантларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш заруратидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган. 

Жорий йилнинг 2 ноябрида Россия Федерацияси ҳукумат раиси Д.М.Медведевнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Агентлик ҳамда Меҳнат ва бандлик федерал хизмати ("Роструд") ўртасида ахборот алмашиш тўғрисидаги битим имзоланган. Унга мувофиқ, "Россияда иш" ("Работа в России") порталида "Агентлик шахсий кабинети" қуйи тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Тадбирда маълум қилинишича, шахсий кабинетнинг қуйи тизимида россиялик иш берувчилар, бўш иш ўринлари, номзодга қўйиладиган талаблар, иш ҳақи каби қатор маълумотлар ўрин олган. Бундан ташқари, ишчи ўринлар сони, имтиёз ва бонуслар, ижтимоий пакет ва бошқа маълумотлар батафсил тақдим этилади. 

Меҳнат мигрантларига қулайлик яратиш мақсадида порталда ижтимоий харита берилган бўлиб, унда танланган иш жойи атрофидаги инфратузилмалар ҳақида маълумот олиш мумкин. Дейлик, Россияга оила аъзоларингиз билан бирга кетгансиз, фарзандингизни боғча ёки мактабга жойлаш учун иш жойингиз яқинидаги боғча ва мактаблар ҳақида маълумот олишингиз мумкин. 

Шу билан бирга, "Роструд"га мурожаатларни йўллаш, маълумот алмашиш имкони мавжуд. Таъкидлаш жоизки, иш берувчи ва меҳнат мигранти ўртасидаги шартнома РФга жўнаб кетишдан аввал электрон имзо орқали тузилади. 

Тадбир якунида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғининг биринчи ўринбосари Х.Асомов икки томонлама учрашувларни йилда бир марта эмас, икки марта ёки ҳар чоракда ўтказиш таклифини берди ва бу Россия вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид