Жамият | 00:33 / 28.12.2017
22725
2 дақиқада ўқилади

6 ёшли ўзбекистонлик қиз онасига қайтарилди

3 ноябрь куни РФ Ички ишлар вазирлигининг Москва областининг Клин райони бўлими вояга етмаганлар ишлари бўйича бўлими ходимлари ўзбекистонлик 6 ёшли Рухшонани онасидан тортиб олишганди. Орадан 52 кун ўтиб, мутасаддилар қизалоқни ўзининг онаси, Феруза Ўткировага қайтаришга қарор қилди. Бу ҳақда юрист Ботиржон Шерматов Kun.uz'га хабар берди.

Маълум қилинишича, аввалроқ, РФ Оила кодексининг 77-моддасида кўрсатилганидек, ҳомийлик ва васийлик органлари болани ота-онасидан дарҳол тортиб олиш ҳуқуқини юзага чиқарадиган, боланинг ҳаёти ёки саломатлигига ҳеч қандай таҳдид юзага келмаганди.

Шунга қарамай, Рухшона Клиндаги вояга етмаганлар учун мўлжалланган «Согласие» ижтимоий-реабилитация марказида ушлаб турилди. Онаизорнинг айтишича, ушбу марказ ходимлари бир неча бор уни ҳақорат қилишган ва таҳқирлашган, вояга етмаганлар билан ишлаш бўлими ходими эса унга фарзандини яқин орада қайтариб қўлига ололмаслигини айтиб, таҳдид қилган. «Согласие» ижтимоий-реабилитация марказида яшаб турган Рухшонани маъмурият онасига қайтаришни рад этиб, қизалоқда мушт ва қўл излари топилганини важ қилиб, Рухшонани экспертиза текширувидан ўтишини талаб қилишганди.

«​Экспертиза натижасидан сўнг, гўёки, онаси томонидан тан жароҳати етказилган каби иддаолар ўз тасдиғини топмади. Унинг аҳволи яхши ва онаси билан бирга»​, дейди Ботиржон Шерматов.

Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрь куни Феруза Ўткирова кўчага ўз ишлари билан чиқиб, қизалоғини тўнғич ўғли (19 ёшли) билан уйда қолдиради. Ўғлини зудлик билан ишхонасидан чақириб қолишади, у онасининг уяли телефонига қўнғироқ қилиб туша олмай, иложсиз, синглисини уйда қолдириб, ишига жўнайди. Афтидан, ака шошганидан у уй эшигини қулфлашни ёдидан чиқаради ёки Рухшонанинг ўзи эшикни оча олади, лекин қизалоқ кўчага чиққан ва уни полиция бўлинмасига олиб кетишганди.

Мавзуга оид