Ўзбекистон | 16:40 / 07.01.2018
85816
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Қуръони карим чоп этилаётган нашриётдан видеорепортаж

Куни кеча «Ҳилол нашр» нашриёти босмахонасида Қуръони Каримни чоп қилиш ишлари бошлангани ҳақида хабар берилган эди. KUN.UZ мазкур хайрли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида «Ҳилол нашр» нашриётида бўлди, у  ердаги адабиётларнинг нашр этилиши билан бирга Қуръони Карим Усмон мусҳафининг чоп этилиш жараёни билан танишди. 

"Ислом ота" жомеъ масжиди имом ноиби, Ўзбекистон Қуръон мусобақаси ҳайъат раисининг ўринбосари Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид бу ҳақида шундай дейди: "Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсинки, бугун юртимизда жуда қувончли кунлар, тарихий ҳодисаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз - Ўзбекистонда Қуръони Карим нашр этилмоқда. Қуръони Карим юртимизда қандай тарқалгани, бу китобга халқимиз, аждодларимиз қандай муносабатда бўлганини кўз олдимизга келтириш учун биз китоб тарихига қисқача назар ташлашимиз лозим. Мусҳаб - бу Қуръони Карим китоби, одатда Қуръони Карим дея узун қилиб айтамиз, лекин қисқа қилиб айтганда - мусҳаф. Мусҳаф араб тилида бир неча саҳифанинг бир мужалладга жамланган ҳолатини англатади ва бу асосан Қуръони Карим китобига нисбатан ишлатилади. Одатда Қуръон саҳифаларга ёзилиб, кейин тикилгани учун бу китоб мусҳаф деб аталган. Бугунги кунда ҳам гапни қисқа қилмоқчи бўлганимизда "мусҳафи шариф" десак, ҳар томонлама қулай бўлади. 

Мусҳаф тарихи юртимизда жуда қадим замонларга бориб тақалади. Бунга далил - бугунги кунда юртимизда Мўйи муборак музейида сақланаётган Мусҳафи Усмон китоби ҳисобланади. Бу китобнинг юртимизга келиши борасида турли фикрлар мавжуд. Энг эҳтимолга яқини - Амир Темур ҳазратларининг олиб келгани ҳақидаги маълумотлар бўлса, яна бири - ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳунинг ўғиллари билан бирга бу мусҳаф бизнинг юртимизга кириб келганига доир маълумотлар. 

Бугунги кунда бу мусҳафга давлат миқёсида алоҳида эҳтимром мавжуд, бу халқимизнинг Қуръони китобига бўлган юксак эҳтиром намунасидир. Мусҳаф авваллари юртимизда бошқа мусулмон ўлкалар қатори қўлёзма шаклида тарқалган, лекин ўтган асрда ислом оламининг кўп жойларида, айниқса мусулмон мамлакатларида мусҳаф борасида анча яхши ишлар амалга оширилган - Ҳиндистон, Туркия, Мисрда мусҳаф нашр қилинган, лекин Ўзбекистонда муайян сабабларга кўра мусҳаф нашри бўлмаган. 

Энг машҳур мусҳафлардан бири Абдураҳмоний мусҳаф, Абдумалик мусҳаф деб аталган, айрим маълумотларга кўра, улар Ҳиндистондан олиб келинган ва бизнинг юртимизда саҳҳофлар томонидан тикиб тарқатилган. Мусҳаф нашри эса мустақилликнинг илк йилларида амалга оширилди десак, хато бўлмайди. Ундан олдин халқ учун мусҳаф нашри бўлмаганди.

Мустақилликнинг илк йилларида устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (раҳматуллоҳи алайҳи)нинг ташаббуслари билан, "Мовароуннаҳр" нашриётида Абдураҳмоний мусҳаф нашрдан чиқди - аввал 30 минг нусхада, кейин 50 минг нусхада. Бироқ шундан кейин бу борада янги қадам ташланмай, тўхтаб қолинди. 

Бугунга келиб муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари, у кишининг динимиз, халқимиз эҳтиёжига бўлган эътиборларининг натижаси ўлароқ, мусҳаф нашри аввалгидан тубдан фарқ қиладиган юқори илмий савияда, жаҳон андозаларига жавоб берадиган, мусҳаф нашри борасида уламолар қўйган талабларга тўла мувофиқ равишда "Ҳилол нашр" нашриётида амалга оширилмоқда. Бу мусҳаф Миср Араб Республикасидаги "Дор-ус-салом" нашриёти билан шартнома асосида, Ўзбекистон диний идораси билан ҳамкорликда нашр этилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, бу мусҳаф нашри устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (раҳматуллоҳи алайҳи)нинг энг олий орзуларидан бири эди. У киши ҳаётлик чоғларида Қуръонга алоҳида эътибор берган ва муҳаббат қўйгандилар. Муфтийлик лавозимида ишлаган кезларининг дастлабки кунларидаёқ Ўзбекистон халқига Мадинаи Мунавварадан 1 миллион дона мусҳаф олиб келтирганлар. Бу ўз-ўзидан бўлмаган, осон кечмаган, камига турли таъналар бўлган. Шундай бўлса-да, ҳазрат хизматдан тўхтамасдан, халқимизни мана шу мусҳаф, Қуръони Карим билан таъминлаш пайида бўлганлар. Ундан кейин ҳазрат "Тафсири Ҳилол"ни ёздилар. Бу ҳам Қуръонга бўлган муҳаббатлари натижасидир.

Бугун юртимизда нашр этилаётган мусҳаф нашрини алоҳида бир тўй десак бўлади. Ҳазрат мусҳаф нашрига рухсат олиш учун ҳаётлик чоғларида керакли чораларни кўргандилар, лекин у кишининг умрлари кифоя қилмай, вақти-соати бугун экан, уларнинг ўйлаган орзулари, қилган дуолари ижобатини сиз билан биз кўриб турибмиз. 

Мусҳафларнинг сўнгида одатда унинг истилоҳлари ҳақида сўз боради. "Фалон белги буни англатади, бу қоида мана бу суратда ифодаланган" деган изоҳлар бўлади. У изоҳлар одатда араб тилида ёзилади. Биз мана шу мусҳафнинг нашрини ушбу изоҳларни ўзбек ўқувчисига осон ва тушунарли бўлиши учун ўзбек тилига таржима қилдик ва мусҳаф сўнгида уни илова қилдик. 

Бу мусҳаф ҳақида қорилармизига, Қуръон устозларига айтадиган икки оғиз сўзим бор: Кўпчилик қориларимиз аввалги ўзлари ўрганган Абдураҳмоний, Абдумалик Қуръонларга кўзи ўрганган, шунга мослашган, уларга янги мусҳафлар гўё эришдек туюлиши мумкин ёинки аввалги мусҳафларни устун қўйишлари мумкин. Бу табиий ҳол, уларнинг кўникмалари, лекин мусҳаф тарихига назар соладиган бўлсак, мусҳафларнинг нашри йилдан йилга, асрдан асрга ривожланиб борган, Абдураҳмоний Қуръонлар ва Қозон босма Қуръонлар - ўз даврининг маҳсулоти. Лекин бугунги кун ўқувчиларининг талабларига тўла мос ва қоидалар имкон қадар тўлиқ ифодаланган мусҳафлар мана шу ҳозирда нашрдан чиқаётган мусҳафлар ҳисобланади. Шунинг учун бундан буёғига Қуръон ёдламоқчи бўлган қориларимиз мана шу мусҳафларни ўқишса, ҳар томонлама қулай бўлади. Жумладан, дунё мусобақаларига чиққанда ҳам бутун дунё қорилари мана шу мусҳаф бўйича Қуръон ёдлашмоқда, улар билан мусҳаф саҳифалари бўйича баҳс-мунозара қилсалар, айнан шу мусҳаф саҳифаларини ёдда тутишлари жуда катта аҳамият касб этади. 

Бу мусҳафда тажвид қоидаларининг бир қанчаси ўз ифодасини топган, уларни мусҳаф орқасида берилган изоҳлардан тушуниб олиш мумкин бўлади. Мазкур мусҳаф 50 минг ададда чиқмоқда. Бу нашр нафақат Ўзбекистонда, балки бутун минтақамизда катта аҳамиятга эга, зеро бундай сифатдаги мусҳаф қўшни республикаларда ҳали нашр қилинганича йўқ. Шунинг учун бу камлик қилиши ҳам мумкин, Аллоҳ насиб қилса, уни қайта-қайта нашрдан чиқариш кўзда тутилмоқда. Қуръон нашр қилинган жойда албатта хайр-барака бўлади. 

Яна шуни таъкидлаш жоизки, мусҳаф нашри республикада Президент ташаббуси билан ўтказилаётган Қуръон мусобақалари билан бир пайтда амалга ошаётгани қувонч устига қувонч, Аллоҳнинг ҳикматидир. 

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси қошида Мусҳафни кўрикдан ўтказиш ҳайъати тузилди. Бу ҳайъатга муфтий ҳазратлари, Усмонхон Алимов жаноблари раис этиб сайланди ва ҳайъатда юртимизнинг кўзга кўринган Қуръон қорилари, мутахассислари аъзо этиб тайинланди. Бундан мақсад - ўлкамиздаги мусҳаф нашрларини назоратда тутиш", - дейди "Ислом ота" жомеъ масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид .

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

Мавзуга оид