Ҳаётингизни яхшилаш учун вақтга бошқача ёндашинг
Иш ва бошқарувга оид мотивацион китоблар муаллифи Дэниел Пинк ўзининг янги "When: The Scientific Secrets of Perfect Timing " ("Қачон: Мукаммал вақтнинг илмий сирлари") китобида муайян машғулотлар учун вақтни тўғри танлай билишга доир қатор психологик, биологик ва иқтисодий тадқиқотларни келтиради.
Унинг фикрича, сармоячилар билан йиғилишлар ва жарроҳлик операцияларини кун ярмига қадар ўтказиш мақсадга мувофиқ. Агар ҳар 3-5 йилда ишингизни ўзгартирадиган бўлсангиз, ўзингиз ўйлаганингиздан-да кўпроқ пул топишингиз мумкин.
"Вақтни тўғри танлай билиш биз нимани қандай қилаётганимизга мисли кўрилмаган даражада таъсир кўрсатади", - дейди Пинк. Wired'да қандай қилиб вақтни тақсимлашни ўрганиш ва шу орқали ҳаётни оз бўлса-да енгиллаштиришга оид бир неча муҳим маслаҳат берилади.
Барча муҳим ишларни куннинг биринчи ярмида бажаринг
Бизнинг кайфиятимиз ва энергиямиз тўғридан-тўғри олдиндан айтиш мумкин бўлган циркад ритмларга боғлиқ. Уларни, ўз ўрнида, генетик даражада жо бўлган инсон хронотипи белгилаб беради.
Ўрта статистик инсоннинг кайфияти уйқудан тургандан тахминан етти соат кейин тушади, яъни соат 14:00дан 16:00гача. Айнан шу вақтда одамлар — айниқса тиббиёт ходимлари ўз фаолиятида кўп хатоларга йўл қўйишар экан.
"Бир неча ой аввал қизимнинг "ақл тиши"ни олишлари керак эди, - дея сўзлайди Пинк. - Мен унга "Сен шифокор ҳузурига энг биринчи бўлиб борасан", деб айтдим.
Қаҳва ичинг ва мизғиб олинг
Мизғиб олишнинг фойдали экани аллақачон исботланган. 10-20 дақиқага кўзларни юмиб, ақлий салоҳиятни ривожлантириш мумкин. Бироқ бунинг олдидан яна бир шинжон қаҳва ичиб олинса, қисқа уйқу эффекти сезиларли даражада ошади. Зеро кофеин организмга тушгандан тахминан 25 дақиқа кейин ўз таъсирини кўрсата бошлайди.
Пинкнинг фикрича, уйқу учун қисқа танаффуслар ишчи кунининг ажралмас қисмига айланиши керак. Колумбия университети тадқиқотчилари судьялар ҳукм чиқаришдан олдин мизғиб олса, нисбатан адолатли қарорлар чиқаришини аниқлашди. АҚШ касалликлар назорати ва профилактикаси марказлари эса кундузи узоқроқ дам олувчи болалар бошқа болаларга нисбатан юқорироқ баҳолар олишига ишонч билдиришмоқда.
Олдинга шошилманг
Агар катта кишилар гуруҳи билан рақобатлашсангиз, ўз кўникмаларингизни намойиш этишдан олдин охирини кутинг. Олимлар саккиз мамлакатдаги American Idol каби танловларни тадқиқ қилиб, аксарият ҳолатларда саҳнага кечроқ чиқадиган қўшиқчилар юқорироқ балларга эга бўлишини аниқлашди. Хусусан, охирги иштирокчида танловнинг кейинги босқичига чиқиш учун имконият бошқаларга нисбатан 10-15 фоизга юқорироқ бўлар экан.
Тадқиқотчиларнинг ҳисоблашича, дастлаб ҳакамлар юқори талаблар қўйишади, бироқ танлов давомида уларнинг тасаввурларидаги мукаммаллик даражаси бироз тушади. Ягона истисно — сайлов бюллетенлари. Овоз берувчилар кўп ҳолатларда рўйхатда биринчи бўлиб турган номзодни танлашади.
Оралиқ вазифалар қўйинг
Иш, спорт машғулотлари ва умуман ҳаётдаги оралиқ босқичлар ҳам ақлни шошириш билан бирга илҳом бахш этиши ҳам мумкин. Лос-Анжелесдаги Калифорния университети тадқиқотчилари жамоада ишловчи одамлар аксарият ҳолларда белгиланган муддатнинг ярми келмагунга қадар деярли ҳеч нима қилмаслигини аниқлашди. Улар шундан кейингина бор кучлари билан ишга киришишади.
Бундан қочиш учун орқалиқ мақсадлар қўйинг ва уларни занжир бўйича амалга ошириб боринг. Бир вазифани танланг ва ҳар куни шу иш билан шуғулланиш давомида тақвимда белгилаб қўйинг. Бундай белгилар сизни тезроқ мақсадга эришиш сари ундайди.
Ишларни бошқа одамлар билан биргаликда бажаринг
Ҳамкорликдаги фаолият - у ҳоҳ эшкак эшиш ёки флешмобларда қатнашиш бўлсин, чарчоқни камайтиради ва ақл ҳамда танани янада фаолроқ ишлашга ундайди. Маълум бўлишича, гуруҳда қўшиқ айтиш инсоннинг ўзига бўлган ишончини оширар ва депрессияни юмшатар экан. Хорда куйлаш эса саратонга қарши курашда иммун реакцияларини кучайтиришга қодирлиги таъкидланмоқда.
"Бу физиологик даражада ишлайди. Хорда куйловчиларнинг ҳатто юраклари ҳам синхрон равишда уради".
Дэниел Пинк