Ўзбекистон | 17:40 / 14.01.2018
15165
2 дақиқада ўқилади

АҚШ элчиси: Битта теракт билан алоқалар издан чиқмайди

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўтган йилнинг октябрь ойида юз берган теракт ижрочилигида ўзбекистонлик шахс айбланаётгани АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларига салбий таъсир қилмайди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен «Америка овози» телерадиоси мухбири билан суҳбат вақтида айтиб ўтди.

АҚШда бирор жойда террор хуружи бўлса, муносабат билдирилади, жавоб берилади. Саккиз одам ўлди, ахир. Оғир фожиа. Бу воқеа ортидаги одам Ўзбекистон фуқароси экани афсусланарли ҳол.

Қўшма Штатларда иммиграция масаласи долзарб бўлиб турган пайтда юз бергани учун ҳам бу ишга эътибор кучли. Бу шахс АҚШга қонунан келган.

Хавфсизлик, албатта, қалтис масала. Биз грин карта дастурини ўрганиб чиқиб, шуни аниқлаганмизки, бу йўл билан келаётганларнинг аксарияти Америкада янги ҳаёт қуриш билан банд ва тўғри йўлда.

Иммиграция бўйича дебатлар қандай қарорларга етаклайди, буни олдиндан айта олмаймиз. Кузатамиз, огоҳмиз. Ўзбекистон ҳозиргача бирор чеклов ёки алоҳида чора билан юзлашади, деган гап йўқ. Террор хуружларининг таъсири кучли ҳар доим, лекин Ўзбекистонга нисбатан салбий қарашни сезмаяпман. Бу воқеадан кейин Лиза Куртис (Оқ уй расмийси) Ўзбекистонга келиб кетди. Конгрессдан саккиз кишилик делегация келиб кетди. Президент Мирзиёев ва Президент Трамп телефонда гаплашди. Битта воқеа билан алоқалар издан чиқмайди», деган АҚШ элчиси.

Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь куни Нью-Йоркнинг Манхэттен туманида юк машинаси велосипед йўлагига ўтиб, ўз йўли устидаги велосипедчиларни босиб кетди, сўнг мактаб автобусига бориб урилди. Юк машинаси ҳайдовчиси, Ўзбекистон фуқароси Сайфулло Соипов полиция томонидан яраланди. Теракт оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди, ўндан ортиқ киши жароҳатланди.

Мавзуга оид