Ўзбекистон | 12:18 / 16.01.2018
62755
3 дақиқада ўқилади

2017 йилда ўртача ойлик иш ҳақи миқдори қанча бўлгани айтилди 

Фото: KUN.UZ

Дастлабки маълумотларга кўра, 2017 йил январь-декабрь ойларида Ўзбекистон Республикасида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 1,453 млн сўмни (иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар киритилган, шунингдек унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи, ижтимоий суғурта ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам мавжуд) ташкил этиб, 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 12,3 %га ўсган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи энг юқори молиявий ва суғурта фаолиятида 2,694 млн сўмни (республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 85,4%га кўп), ахборот ва алоқада 2,498 млн сўмни (71,9%), саноатда 2,091 млн сўмни (43,9%), ташиш ва сақлашда 1,945 млн сўмни (33,9%), қурилишда 1,808 млн сўмни (24,4%) ташкил этган.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича 2016 йилга нисбатан ўртача ойлик иш ҳақининг юқори ўсиш суръатлари молиявий ва суғурта фаолиятида (25,9%), ахборот ва алоқада (22,3%), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда (13,3%) кузатилди.

Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи кўрсаткичини республика ҳудудлари бўйича кўрадиган бўлсак, яъни ўртача ойлик иш ҳақининг юқори миқдори Тошкент шаҳрида 1,986 млн сўмни (республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 136,7%), Навоий вилоятида 1,926 млн сўмни (132,6%) ва Тошкент вилоятида 1,559 млн сўмни (107,3%) ташкил этган бўлса, Наманган вилоятида 1,140 млн сўмни (78,5%), Самарқанд вилоятида 1,157 млн сўмни (79,6%) ташкил этиб, бошқа ҳудудларга нисбатан кам миқдорга эга бўлмоқда.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича ходимлар сони ва уларга ҳисобланган иш ҳақи фондининг
салмоқли ҳиссаси: таълимда 19 034 та муассасада 982,1 минг нафар (жами ишловчиларга нисбатан улуши 38,1%ни) ходимлар ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 13 671,6 млрд. сўмни (жами иш ҳақи фондидаги улуши 30,4%ни); саноатда 619 та корхонада 479,6 минг нафар (18,6%ни) ходимлар ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 12 038,4 млрд. сўмни (26,7%ни); соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда 1 420 та муассасада 420,4 минг нафар (16,3%ни) ходимлар ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 4 948,2 млрд. сўмни (11,0%ни) ташкил этмоқда.

Мавзуга оид