Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германияда Освенцимнинг 96 ёшли ҳисобчиси афв этишларини сўради
96 ёшли собиқ эс-эсчи, «Аушвиц бухгалтери» сифатида машҳур Оскар Грёнинг немис прокуратурасига афв этиш учун илтимоснома юборган, деб ёзади NDR телеканали.
«Биз афв этиш ҳақидаги тегишли илтимосномани кўриб чиқмоқдамиз», — деган Люнеберг прокуратураси вакили.
Декабрь ойининг охирида ГФР конституцион суди қамоққа олиш кўринишидаги жазони кечиктириш юзасидан Грёнинг томонидан берилган шикоятни кўриб чиқишни рад этган эди.
2015 йил июлида Грёнинг Иккинчи жаҳон уруши даврида Аушвиц (Освенцим) концентрацион ўлим лагерида 300 минг кишининг ўлдирилишига алоқадорликда айбланиб, тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Грёнинг адвокатлари ҳукм устидан шикоят қилишга уринишган. Август ойида Ҳанновер прокуратураси уни қамоқ жазосини ўташ учун етарли тарзда соғлом деб топган. Ноябрь ойи охирида Целледаги олий ер суди экспертлар фикрига асосланиб, Грёнинг кекса ёшига қарамасдан қамоқда жазо ўташи мумкинлиги ҳақида қарор чиқарган. Суднинг фикрига кўра, давлат ҳукм этилганларнинг барчасига тенг муносабатни таъминлаши зарур, Грёнингнинг алоҳида эҳтиёжлари «зарур эҳтиёт чоралари билан қондирилиши мумкин»лиги қайд этилган эди.
Грёнинг Аушвиц концлагери маъмуриятида бухгалтер бўлиб ишлаган ва асир тушганлар лагерга келтирилгач, улардан олиб қўйилган валюталарни кирим қилиш билан шуғулланган. Суд жараёни давомида Грёнинг икки бор концлагерда инсонларнинг ўлдиришида маънавий айби борлигини тан олишини баён этган.
Аушвиц-Биркенау (бизда кўпроқ Освенцим сифатида машҳур) — 1940–1945 йилларда Польшанинг Кракводан 60 км узоқликда Освенцим шаҳри яқинида жойлашган немисларнинг концентрацион ва ўлим лагерлари мажмуасидир. 1941–1945 йилларда Аушвицда 1,4 миллионга яқин одамлар қириб юборилган, уларнинг 1,1 миллиони яҳудийлар бўлган.
Аушвиц-Биркенау нацистларнинг энг йирик ва энг узоқ фаолият кўрсатган ўлим лагери бўлган ва шу сабабли Ҳолокост рамзларидан бирига айланган. Лагерь 1945 йилнинг 27 январида совет қўшинлари томонидан озод этилган. Шу куни БМТ томонидан Ҳолокост қурбонларини ёд этиш куни деб белгиланган.
Мавзуга оид
13:59 / 28.05.2025
Германия расмийлари Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилди
11:22 / 28.05.2025
Германиядаги қочқинлар сони 3,5 миллион кишига етди
12:20 / 27.05.2025
Германия канцлери Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилди
23:34 / 26.05.2025