Жамият | 17:50 / 18.01.2018
11624
2 дақиқада ўқилади

Аёл йўталаётган пайтида қовурғасини синдириб олди

Фото: The New England Journal of Medicine

АҚШнинг Массачусетс штатида яшовчи кекса аёл йўталаётган пайтида ўз қовурғасини синдириб олди. Ноодатий ҳолат ҳақида The New England Journal of Medicine журналида хабар берилган.

66 ёшли аёл шифокорга сўнгги икки ҳафта тинмай йўталаётгани ҳамда кўкрагидаги кучли оғриқлар бўйича шикоят қилган. Шифокор эса бу респиратор инфекция, масалан, грипп туфайли кузатилаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Бироқ, кейинги беш кун давомида унинг аҳволи яхшиланмади.

Шифокор кўрикдан ўтказиш чоғида аёлнинг ён қисмида, кўкрак қафаси ҳамда тос суяги билан сон суягини туташтирган бўғин ўртасида катта кўкарган жой борлигига эътибор қаратди. У кучли оғриқ берган. Компьютер томографияси эса аёлда қовурғаларидан бири синиб, жойидан силжиганини кўрсатди. Бундан ташқари, бурун ва томоқ таҳлиллари ўтказилганида, унда кўкйўтал борлиги аниқланди.

Кўкйўталда кучли йўталишлар кузатилади. Афтидан, аёл навбатдаги йўтал пайтида қовурғасини синдириб олган. У жарроҳлик амалиётидан ўтказилди, шунингдек, антибиотиктерапиядан ўтди. Энди аёл мутлақо соғлом, деб хабар беришмоқда мақола муаллифлари.

Мавзуга оид