Ўзбекистон | 13:40 / 18.01.2018
54977
1 дақиқада ўқилади

Ташқи ишлар вазирлиги Ақтўбедаги фожиа бўйича расмий ахборот берди

Фото: Tengrinews

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълумотига кўра, 2018 йил 18 январь куни маҳаллий вақт билан соат 10:30 да Ақтўбе вилояти Ирғиз туманида «Самара-Чимкент» автомобиль йўлининг 1068-километрида, Калибай аҳоли пунктидан 10 км узоқликда «Икарус» русумли йўловчи автобуси ҳаракатланиш чоғида ёниб кетган.

Автобус салонида 55 нафар йўловчи ва 2 нафар ҳайдовчи бор бўлиб (дастлабки маълумотларга қараганда Ўзбекистон фуқаролари), улардан 5 кишига Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитанинг Ҳалокатларда тиббий ёрдам кўрсатиш маркази томонидан тиббий ёрдам берилган, қолган 52 киши воқеа жойида вафот этган.

Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ходимлари жойида ёрдам кўрсатиш учун зудлик билан Ирғиз туманига юборилди, дейилади ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

Мавзуга оид