Ўзбекистон | 18:50 / 22.01.2018
29510
15 дақиқада ўқилади

Бўлажак профессор билан суҳбат: Коррупция, инновация ва сиёсий иқтисод ҳақида

Бугунги қаҳрамонимиз Баҳром Ражабов билан янги 2018 йил - «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» ҳақида, шунингдек, ислоҳотлар даврини бошдан кечираётган Ўзбекистон учун инновацион жараёнларнинг аҳамияти ҳақида суҳбат қуришга қарор қилдик. Шунингдек, сиз интервью давомида халқаро тадқиқотлар бўйича мутахассис, бўлажак фан докторининг илғор ғоялари, мулоҳазалари билан ҳам яқинроқ танишиш имконига эга бўласиз.

Танишинг: Баҳром Ражабов

Қайси олий ўқув юртларини тамомлаган:

Бакалавр босқичи: Тошкент Давлат Шарқшунослик институти (2003 – 2009)

Магистратура: Германиянинг Кассел университети, DAAD гранти соҳиби

Магистратура:  Япониянинг Цукуба университети Халқаро тадқиқотлар йўналиши

Ҳозирда Япония ҳукумати гранти асосида Цукуба университетида докторантура босқичида таҳсил олмоқда. Шунингдек, Bilig Brains аналитик тармоқ эксперти (Қозоғистон), RedPen электрон нашр колумнисти (Ўзбекистон).

Асосий фаолияти: Инновациялар, халқаро иқтисодий ривожланиш, миграция ва ривожланиш йўналишлари бўйича амалий ва назарий фаолият.

— Сиёсий иқтисод нима? Бу қандай фан? Лўнда қилиб тушунтирсангиз? Чунки кўп ўқувчиларимизга бу тушунча нотаниш.

Сиёсий иқтисод одатда интердисциплинар, яъни ижтимоий фанларнинг бир нечта жабҳаларини қамраб оладиган алоҳида йўналишдир. Масалан, иқтисодиёт, сиёсат, ҳуқуқ, тарих, социология ва бошқа фанларга асосланиб иқтисодий ечимларни белгилашда сиёсий омилларнинг муҳим ролини ўрганади ва тушунтиради.

Мен учун, сиёсий иқтисод - бу иқтисодиёт ва сиёсат симбиози. Амалиётда иқтисод ва сиёсат кетма-кет эмас, ёнма-ён «юришади». Жамиятда иқтисодий қарорлар, нафақат иқтисодий зарурият ва логика, балки, аслида сиёсий асосларга ҳам эга бўлади. Сиёсий иқтисод жамиятда юзага келадиган сиёсий-иқтисодий ўзгаришларни комплекс равишда ўрганишга керакли илмий инструментларни тақдим этади.

— Ўзбекистон Президенти коррупция борасида кескин фикрларини билдирмоқда? Ушбу иллатни йўқ қилиш учун нималарни амалга ошириш керак, деб ўйлайсиз?

Коррупция, менинг фикримча, кўпгина кўринишларга эга ва турли ижтимоий ва иқтисодий секторларда юзага келиши мумкин. Мен мутахассис эмасман. Шунинг учун, коррупция ҳақида ушбу йўналишда ишлаётган ёхуд изланаётган мутахассислар фикр билдирса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Лекин шунга қарамай, саволингизга жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Коррупцияни мутлақо йўқ қилиб бўлмайди. Мен билган ҳеч бир мамлакатда бу масала юз фоизга ечилмаган. Шунинг учун, фикримча, саволни бир оз бошқача қўйиш керак. Қандай қилиб коррупция даражасини кескин тушириш мумкин? Коррупция одатий ҳол эмас, балки жамият қабул қилмайдиган, ўта кам учрайдиган ҳолат бўлиб, коррупционер қонун бўйича жавоб берсин. Жаҳон янгиликларини кузатиб борсангиз, гоҳ у давлатда, гоҳ бу давлатда коррупционер қўлга тушганини кўрасиз. Уларга турли давлатларда жазолар ҳам ҳар хил белгиланади.

Хўш, коррупция даражасини кескин тушириш учун нималарни қилиш керак? Бу ерда бешта асосий аспектни келтиришим мумкин:

1) Коррупцияга қарши тизимли ёндашиш. Бу ерда нафақат коррупционерларга жазо муқаррарлигини таъминлаш, балки коррупцияга сабаб бўлаётган тизимни ислоҳ қилиш назарда тутилади. Масалан, агар давлат хизматларини кўрсатишда коррупция кузатилса, демак ушбу хизматларни соддалаштириш, электрон тартибда тақдим этиш, уларнинг транспарентлигини таъминлаш, бир инсонга (хоҳ бошлиқ, хоҳ оддий хизматчи бўлсин) қарор чиқариш ёки чиқармаслик хуқуқини бермаслик ва ҳоказо.

2) Судларни мустақил, ошкора, қонун доирасида ишлашини таъминлаш. Агар оддий фуқаро судда адолат топмаса, унинг ҳуқуқлари поймол қилинадиган бўлса, тизимли хато юзага келади. Умуман олганда, ҳуқуқ-тартибот органлари, прокуратура ва бошқалар адолат ва қонун доирасида иш кўришлари даркор.

3) Буларни таъминлаш ва коррупцияга қарши самарали курашиш учун яна битта омил - бу эркин ва кучли фуқаролик жамияти. Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини, мажбуриятларини билмасалар, улар талаб қилиш механизмларига эга бўлмасалар давлат ва нодавлат институтларни коррупцияга қарши руҳда ишлатиш қийин менимча. Шу билан бирга, мустақил ОАВ роли ҳам жуда муҳим.

4) Мувозанатни сақлайдиган тизим яратилиши ва муваффақиятли ишлаши керак. Шу ерда ҳаётимдан битта мисол келтирмоқчиман. Мен бирон бир муҳим қарор қабул қилмоқчи бўлсам бир нечта ўзим ишонган инсонлар билан маслаҳатлашаман. Уларга мурожаат қилишимдан мақсад, ўз фикримга тасдиқ топиш эмас, балки уларнинг фикрини тинглашдир. Улар менга самимий, керак бўлса, танқидий фикр билдиришади. Якуний қарор қабул қилишда мен баъзида ўзимни фикримда қолсам, баъзида улар айтганидек қиламан. Муроса топишга харакат қиламан. Шунга аминманки, ҳеч кимга қулоқ солмасам, ҳеч кимдан маслаҳат сўрамасам яхши натижаларга эриша олмасдим. Бу мисол билан мен танқидга очиқ бўлиш керак демоқчиман. Шу билан бирга, танқиддан ташқари фақатгина ўз фикрига таянган ҳолда қарор чиқариш, яъни ҳеч қандай мувозанатга эга бўлмаган ҳолда иш юритиш амалиёти коррупцияга олиб келиши тайин. Демак, ўз-ўзидан маълумки, ҳокимиятнинг уч бўғини (Ижро, Суд ва Қонунчилик) мувозанатни сақласалар ва фуқароларнинг институтлар устидан назорати бўлса, коррупцияга имкониятлар кескин камайиши мумкин. Бу ерда непотизм, танииш-билиш, маҳаллийчилик ва бошқа иллатлар йўқ бўлиши аста-секин бошланади.

5) Иқтисодий рағбатлар албатта, мавжуд бўлишлари шарт, менимча. Ушбу стимуллар коррупция орқали қўшимча даромад олиш истагини мутлақ йўқотади. Иқтисодий деганимда, фақатгина катта маошни назарда тутмаяпман. Масалан, AҚШдa сизни тезликни оширганингиз учун полиция ходими тўхтатса, жаримадан қутилиш учун унга пора бериб қоча оласизми? Албатта! Фақат пора 1 ёки 2 миллион доллар бўлиши керак. Нима учун? Чунки полициячи яхши хизмати учун қатор преференцияларга ега. Масалан, кредитга уй, автомашина, маиший техника ва бошқаларни олиши мумкин, нафақаси юқори бўлиши мумкин. Демак, у сидқидилдан хизмат қилишга ҳаракат қилади. Бундай мисоллар кўп.

Тарбиявий аспект

Бир дўстим менга «Баҳром, ўз жойимизда ишимизни талаб даражасида бажарсак, шунинг ўзи кифоя, деб айтганди». Мен бу фикрга қўшиламан. Биздан қаҳрамонлик талаб этилмайди (ҳар доим ҳам эмас), фақатгина чин дилдан ишлаш керак. Болаларни чақалоқлигидан коррупцияга қарши руҳда тарбиялаш даркор. Бир томондан коррупцияга йўл очмасдан тизимли иш юритилса, иккинчи томондан тарбиявий ишлар тадбиқ этилиши даркор. Инсоний принциплар, масалан, бировнинг ҳақини олмаслик, ўғрилик қилмаслик, алдамаслик ва бошқа халқимизга хос амаллардир. Энди таниш-билишчилик, маҳаллийчилик ва бошқа иллатлардан воз кечиш керак.

Шуни тушуниш керакки, агар инсон ҳозир коррупцияга аралашиб ўз ишини битириб олса, жуда қисқа фурсат ичида ўзи учун «ижобий натижа»га эришиши мумкин, лекин бу натижа жамият ва аслида ўзи учун ҳам узоқ муддатгача салбий оқибатларни олиб келади. Чунки «бумеранг эффекти», албатта, ишлайди. Қилмиш-қидирмиш.

— 2018 йил инновацион ғоялар йили деб эълон қилинди. Келаётган янги йилда мазкур йўналишни ривожлантириш бўйича фикрларингиз сўралса, нималарни таклиф қилардингиз?

1. Макроэкономик шароитлар инновация ўсишига таъсир кўрсатади. Халқаро ихтисослашув мақсадида саноат тармоқларининг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга қаратилган ривожланган молия бозорлари, таълим тизими, шунингдек, миллий институтлар. 

2. Фақатгина R&D (Тадқиқот ва ривожланиш) тушунчасини эмас, балки таълим имкониятларини узоқ муддатни кўра оладиган қарор қабул қилувчи шахсларни қамраб олган инновацион жараёнларни кенгроқ тушуниш. Инновациянинг асосий манбаи куч, садоқат, ишончнинг ноанъанавий элементларини ўз ичига олган ишлаб чиқариш, сотиш, технологик ривожланиш ўртасида ҳосил бўлувчи интерфаол таълим.

3. Тарихий жараёнлар турли хил ижтимоий-иқтисодий имкониятлар ҳамда ривожланишнинг турли йўналишларини билдиради. Институционал эволюция маҳаллий хусусиятларга эга ўзига хос инновацион тизимни яратади. Ушбу тушунча муайян контекстда эканлигини тушуниш ижрочиларнинг аҳамияти ва ўзига хослигини, шунингдек, муносабатлар тури, сифати ҳамда кенг маънода институтларнинг ролини ҳам англашни тасдиқлайди.

4. Инновация ушбу институтларга ишончни талаб қилади. Ишонч даражаси таълим/идрок даражасини аниқлаб беради. Юридик ва расмий шартномаларга қўшимча равишда, ишончга ижтимоий бирлик, ҳамжиҳатлик, таълим ва ўқитиш имкониятлари, меҳнат бозори ва корпоратив келишувлар, арбитаж ва ҳоказолар таъсир кўрсатади. 

— Ўзбекистон жадал ривожланиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Нима деб ўйлайсиз, бизнинг мамлакатимиз ҳам бошқа ривожланган давлатлар босиб ўтган йўлдан юриши керакми? Ёки ривожланиш босқичига бирдан ўтиш имкони борми?

Бу жуда мураккаб савол. Ривожланиш бу нима? Нобел лауреати Амартя Сен иқтисодий ривожланишдан ташқари, кенгроқ маънода «ривожланиш» терминига яна бир қатор омилларни қўшган. Ўзининг «Development as Freedom» асарида А. Сен ривожланиш бу нафақат иқтисодий ўсиш, балки инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши, танлаш имконияти мавжудлиги, шунингдек, тоза ичимлик суви, сифатли тиббиёт хизматлари ва ҳоказолар билан таъминланишни санаб ўтган. Ҳозирги пайтда Бутунжаҳон иқтисодий форумида ҳам таниқли иқтисодчилар томонидан ҳам шу тан олиндики, ички ялпи маҳсулот ўсишигина ривожланишни англатмайди. Шу жумладан, назаримда Ўзбекистон бошқа тараққий этган демократик давлатларнинг ривожланиш йўлини танлаган. Бу йўлни босиб ўтиш керак.

Бозор иқтисодиётнинг ўз қонунлари мавжуд. Улар барча мамлакатларда бир хил ишлайди. Ушбу қонуниятларни ёдда тутган ҳолда биз ўзимизнинг ривожланиш моделимизни шакллантиришимиз мумкин, албатта. Аммо бозор иқтисодиётини барпо этмоқчи эканмиз, бозор қонунияти устувор бўлиши даркор. Қолаверса, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг аъзоси. Агар биз шериклар, халқаро ташкилотлар, инвесторлар билан «битта тилда» гаплашмоқчи бўлсак, ватанимизни ривожлантирмоқчи бўлсак, ривожланиш стратегиямизни жаҳон трендларига мослаштиришимиз талаб этилади. Етакчи бўлиш учун эса биз эртанги кунни эмас, балки яна ҳам узоқроқни кўра олишимиз шарт. 

Биз ривожланиш траекториясининг қаерида эканлигимизни ҳисоб-китоб ва таҳлил асосида аниқ тушуниб олишимиз, ривожланишнинг аниқ мақсадларини қўйиб, уларга қачон ва қайси ресурслар орқали етишишимиз мумкинлигини англашимиз керак. Бошқа давлатлар ва ташкилотлар билан шерикчилик ҳам шу асосда амалга оширилади. Албатта, бизда ўзимизнинг ривожланиш тажрибамиз тўпланган ва тўпланмоқда. Бу тажрибани эҳтиросларга берилмасдан илмий ёндашиб, хатоларимиздан ўрнак олиб, олға юришимиз керак. Жаҳон тажрибасини яхши билиб, уни тушуниб, бизнинг шароитда нималарни амалга ошириш мумкин бўлса, қўллашимиз керак. Қайсидир ислоҳатлар тезроқ, айримлари секинроқ амалга ошиши мумкин. Энг юқори жаҳон стандартларини қўллаб, ўз билим ва имкониятларимизга таяниб, муваффақиятга эришиш мумкин, деб ҳисоблайман. Қанчадан-қанча халқлар тараққиёт йўлида юксак натижалар кўрсатиб ривожланиб кетди. Нима учун биз бу ишни уддалай олмаймиз? Албатта, уддалаймиз!

— Ҳозирги кунда тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш жамият ҳаётида қандай муҳим рол ўйнайди? Бу йўналишда Япония ёки бошқа ривожланган мамлакатларнинг тажрибаси қандай?

Ижтимоий тадбиркорлик жамиятда муҳим рол ўйнаши мумкин. Глобализация даврида дунёда жуда кўп локал ва глобал муаммолар мавжуд. Очлик, қашшоқлик, тиббий хизматнинг айрим мамлакатларда етишмаслиги, таълим соҳасидаги талайгина муаммолар, иқлим ўзгариши, ижтимоий-иқтисодий тенгсизлик ва бошқалар. Капиталистик тизимда бозор иқтисодиёти ҳар доим ҳам бу муаммоларни ечишда қўл келавермайди. Баъзан айнан капиталистик тизим мавжуд муаммоларнинг негизида ётганлиги кўплаб олимлар ва амалиётчилар томонидан таъкидланади. Ҳозирги вақтда ижтимоий инновациялар ва ижтимоий тадбиркорлик инсоният олдида турган муаммоларни ечишда айни муддао бўлиши тахмин қилинмоқда. Илмий тарафдан етарлича ўрганилмаган, лекин интенсив равишда амалиётда қўлланилаётган ижтимоий тадбиркорлик ёндашувлари кўпгина мамлакатларда ўз аксини топган. Масалан, машҳурлардан бири Грамин Банк ва Бангладешда кам таъминланганларга ажратиладиган микрокредитлар ғояси. Ижтимоий тадбиркорлик асосида ташкил этилган Грамин Банк асосчиси Муҳаммад Юнус 2006 йилда Нобел мукофоти лауреати бўлди. Яна бир мисол, Бразилиянинг бир штатида фуқаролар томонидан шакллантирилган бюджет яна бир ижтимоий инновация бўлди. Англияда Вақт Банки деб номланган веб сайтда кўплаб инсонлар ўз бўш вақтларини беҳуда сарфламасдан кўнгилли сифатида муҳтожларга ёрдам беришмоқда. Исроилда имконияти чекланган инсонлар учун ижтимоий ташкилот очилиб, уларни иш билан банд этган ҳолда даромад олиш манбаи яратиб берилмоқда. Дунё тажрибасида бундай мисоллар талайгина.

Ижтимоий-инновацион тадбиркорликни ривожлантириш учун тегишли эко-тизимни яратиш зарур. Бу ҳақида батафсил ўз мақоламда келтириб ўтганман.

Блиц-интервью:

1. Ҳаётдаги шиорингиз: Шиорларим кўп. Шундан учта энг муҳимини санайман:

Аввал енг, сўнгра кураш! (Япон фалсафасидан)

Whatever you are, be a good one (Абраҳам Линкольн)

At least I have tried

2. Сиз учун энг идеал дам олиш: Асосан фаол спорт тури, яъни сузиш билан шуғулланиб, дам олишга ҳаракат қиламан.

3. Севимли асарингиз: Уларнинг сони кўп. Китоб ўқишни ёқтираман. 

4. Қайси хорижий давлатларда бўлгансиз: Болгария, Германия, Австрия, Франция, Италия, Бельгия, Нидерландия, Люксембург, Чехия, АҚШ, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Исроил, Корея Республикаси, Туркия ва албатта Япония.

5. Ҳаётдаги энг катта ютуғингиз: Оилам ва содиқ дўстларим.

6. Яқин ўн йилдаги асосий мақсадларингиз: Шерикчиликда қизиқарли лойиҳалар устида бош қотирмоқдамиз. Мақсадим – шу лойиҳани амалга ошириш. Унгача эса докторлик ишимни муваффақиятли ёқлаш.

Феруза Авазова суҳбатлашди

Мавзуга оид