Жаҳон | 00:15 / 23.01.2018
6492
2 дақиқада ўқилади

Нидерландияда башанг кийинган одамлар “мода полиция”си томондан сўроқ қилинади  

Фото: Robin Utrecht/ТАСС

Нидерландиянинг Роттердам шаҳрида мода полицияси пайдо бўлди. Махсус полиция наряди шаҳар кўчалари бўйлаб юриб, башанг кийинган одамлардан эгниларидаги қимматбаҳо кийимларни қайси пулга, қандай шароитда олганларини сўрайди. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари янги қоидаларга қарши чиқмоқдалар, деб хабар бермоқда De Telegraaf нашри.

Полициячиларнинг айтишича, биринчи навбатда “ночордек кўринган одамлар” ҳамда аввал ўғрилик қилишда ушланганлар сўроқ қилинадилар. Агар сўроқ қилинувчилар қимматбаҳо кийимлар уларга тегишли эканини исботлай олмасалар, кийимлар мусодара қилинади.

Ҳукумат вакилларининг айтишича, бундан кўзланган мақсад “ёшларни жиноятчиликдан қайтаришдир”. Полициячиларнинг айтишича, улар шу йўл билан шубҳа уйғотувчи ёшлардан бир неча марта Rolex соатларини мусодара қилишган. Бироқ кийим борасида бундай қилинмаганди. Голландиялик ҳуқуқ ҳимоячилари янги қоидалар давлат қонунчилигига зид эканлигини айтишмоқда.

“Бу қонунда камчиликлар жуда кўп. Мисол учун, полициячилар у ёки бу кийимнинг баҳосини қандай аниқлайдилар? Бу кийим янги эмас, анча кийилган бўлса-чи? Моҳиятан, бизга нимани истасак ўшандай юриш тақиқланмоқда”, деб айтган шаҳар омбудсмени Анна Мике Званевельд.

Унинг айтишича, полиция сўроқ қилмоқчи бўлаётганларни танлашда, биринчи навбатда, хойнаҳой европача кўринишга эга бўлмаганларни танлайди. 

“Бу эса фуқаролик эркинликларининг чидаб бўлмас бузилиши бўлади”, деб айтди Званевельд.

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид