Трамп қуёш батареялари ва кир ювиш машиналари импортига бож киритди
АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШга импорт қилинувчи қуёш батареялари ва кир ювиш машиналарига бож тўловини киритишга қарор қилди. Бу ҳақда АҚШнинг савдо вакили Роберт Лайтхайзер идораси маълум қилди.
Уйда ишлатилувчи кир ювиш машиналари, қуёш батареяларининг фотоэлементлари ва модулларига қўшимча бож тўлови солинади.
АҚШ ҳукумати 2012-2016 йилларда АҚШга кир ювиш машиналари импорти кескин ошгани ва бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун катта зиён етказгани ҳақидаги фикрга келган. Хусусан, АҚШнинг Whirlpool компанияси Жанубий Кореянинг LG ва Samsung компаниялари демпинги бўйича шикоят қилган, бироқ бу ишлаб чиқаришни Хитой, Таиланд ва Вьетнамда жойлаштиришга олиб келган. LG ва Samsung бож тўловларидан ҳимояланиш учун 2017 йилда АҚШнинг Жанубий Каролина ва Теннесси штатларида йирик фабрикалар қуришини эълон қилган. Энди кир ювиш машиналарига қўшимча бож тўловлари сеткаси киритилади: АҚШга кир ювиш машинаси экспорт қилувчи компания дастлабки 1,2 млн.та машинага 20 фоиз миқдорида, кейингилари учун эса 50 фоиз миқдорида бож тўлаши керак.
АҚШ ишлаб чиқарувчилари худди шундай тарзда Хитойнинг қуёш батареялари ишлаб чиқарувчи компаниялари демпингидан азият чекадилар. Хитой қуёш батареяларининг 60 фоиз фотоэлементларини ва 71 фоиз модулларини ишлаб чиқаради. 2012 йилдан 2016 йилгача АҚШга бу маҳсулотлар импорти 500 фоизга ўсган, нархлар кескин – 60 фоизгача тушган. Бу эса АҚШ компанияларини АҚШ ҳудудида ишлаб чиқаришни деярли тўхтатишга мажбур қилган.
Трамп қарорига кўра, қуёш батареяларига бож тўлови 1-йил 30 фоизни, 2-йил 25 фоизни, 3-йил 20 фоизни ташкил қилади.
АҚШ аввал ҳам Хитой маҳсулотларига тақиқловчи божлар киритган, бироқ Хитой компаниялари ишлаб чиқаришларини учинчи давлатларга кўчириб, АҚШ бозорида демпингни давом эттиришган.
Америкалик ишлаб чиқарувчиларни ҳимоялаш Трампнинг энг муҳим сайловолди ваъдаларидан бири бўлганди.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024