Жаҳон | 08:11 / 24.01.2018
7656
2 дақиқада ўқилади

Трамп Давосда кимлар билан учрашиши ва нималарни муҳокама қилиши маълум

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Швейцариянинг Давосидаги халқаро иқтисодий форум давомида Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй ҳамда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан икки томонлама учрашув ўтказади. Бу ҳақда Қўшма Штатлар президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Герберт Макмастер хабар қилган.

"Пайшанба куни президент Буюк Британия бош вазири (Тереза) Мэй билан учрашиб, Суриядаги можаро, Эроннинг беқарорлаштирувчи ҳаракатлари, Эрон ядровий дастури камчиликларини тўғрилаш йўллари ва Корея ярим оролини ядро қуролидан холи ҳудудга айлантириш бўйича умумий мақсадларимизни муҳокама қилади", - дея айтиб ўтди Макмастер брифингда.

Унинг сўзларига кўра, Америка етакчиси Нетаньяху билан учрашувда “АҚШнинг Исроил олдидаги жиддий мажбуриятлари”ни тасдиқлайди, Эрон таъсири билан курашиш ва Яқин Шарқда тинчликни ўрнатиш ниятида эканини билдиради.

Трамп жума куни Руанда етакчиси билан учрашади – бу давлат ҳозирда Африка иттифоқи раиси саналади. Учрашувда савдо ва хавфсизлик масаласи устида гап боради, дея айтиб ўтди Макмастер.

Шунингдек, АҚШ президентида Швейцария раҳбари билан учрашув режалаштирилган, унинг давомида томонлар сармоялар, инновациялар ва иқтисодий ўсишни муҳокама қилади.

Бундан ташқари, Трамп Давосга ташрифи давомида миллий хавфсизликка оид бир неча масалаларни муҳокама қилади.

"Президент Давосдаги вақтдан миллий хавфсизликка доир баъзи масалаларни муҳокама қилиш учун ҳам фойдаланади, жумладан, Корея ярим оролини ядро қуролидан холи ҳудудга айлантириш, ИШИДга қарши кураш бўйича бизнинг коалицияни, Эрон хатти-ҳаракатларини...", - дея маълум қилди Макмастер.

Мавзуга оид