Ўзбекистон | 10:10 / 25.01.2018
8717
2 дақиқада ўқилади

Тошкентга Deloitte компанияси вакиллари келди

www.mitc.uz

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Deloitte консалтинг компаниясининг Қозоғистондаги департаменти раҳбари Кристофер Армитаж, департаментнинг Каспий минтақасидаги «рақамли стратегия»ни ишлаб чиқишга масъул Deloitte МДҲ масъуллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Президентининг 2017 йил 18 декабрдаги Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича давлат дастурини шакллантириш ва молиялаштиришга оид янги тартиб тўғрисидаги қарорида вазирлик зиммасига ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантиришнинг узоқ муддатли концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган эди.

Учрашувда Deloitte компанияси билан бу йўналишда ҳамкорлик қилиш ва соҳани халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, АКТни узоқ муддатга мўлжалланган мақсадли ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Мазкур концепцияда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, «электрон ҳукумат»ни жорий қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, соҳада инновацияларни татбиқ этиш, почта, логистика ҳамда электрон тижорат каби йўналишларда замонавий хизматларни жорий қилиш, шунингдек, таълим, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг илғор усулларини илгари суриш каби мақсадлар кўзда тутилган бўлиши лозим.

Deloitte - консалтинг ва аудит хизматларини кўрсатувчи жаҳоннинг йирик тармоқлашган компанияси бўлиб, аудиторлик йўналишида «пешқадам тўртлик»ка киради, ходимлар сонига кўра энг йирик профессионал (263 000 нафар) компания ҳисобланади.

Мавзуга оид