Жимжитлик: «Пахтакор»нинг чемпионлиги ҳаққониймиди?
Энди футболимиз ўзгаради. Мажбурлаб пул йиғилмайди, ўйинлар келишилмайди, Бабаян бўлмайди, «кал Гейнрих» терма жамоага чақирилмайди, хуллас жуда кўп «муаммоларимиз» бир нутқ билан ечилиб кетгандек, назаримда. Аммо...
2006 йилда бир жиноий иш юзасидан Италиянинг «Ювентус» клуби бош директори Лучиано Моджининг телефон қўнғироқлари «эшитилганда», бошқа ҳақиқатлар юзага чиқади - Моджи 2004/05 йилги мавсумда жамоаси ўйинларига «ўз ҳакамларини тайинлаш»да баъзи функционерлар билан мулоқотлар қилар экан. Иш катталашиб кетади ва:
- Лучиано Моджи умрбод футболдан четлатилади, келишилган ўйинлар уюштиргани учун Неаполь суди уни 5 йилга озодликдан маҳрум қилади.
- ҳакам Массимо де Сантис 4.5 йилга футболдан четлаштирилади.
- Италия футбол федерацияси президенти ва вице-президенти истеъфога чиқади.
- «Режжина» президенти Лило Фонти 20 минг фунт жарима тўлаб, 2.5 йилга футболдан четлаштирилади.
- Адриано Галлиани 5 ойга футболдан четлаштирилади.
- «Ювентус» ижрочи директори Антонио Жираудо умрбод футболдан четлаштирилади.
- «Милан», «Лацио» ва «Фиорентина» В серияга сургун қилинади, аммо апелляциядан кейин жарима очколари билан бирга А Серияда қолишади.
- «Ювентус» В серияга сургун қилинади ва Чемпионлар Лигасидаги ўрнидан маҳрум қилинади. Икки чемпионлик тортиб олинади.
2015 йилги чемпионатда «Пахтакор» - «Металлург» ўйинида ҳисобда 0:2 ҳисобида орқада бораётиб, икки голни пенальтидан уриб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган, мазкур ўйинда келишилганлик аломатлари бўлганига ишора қилинганди. Гап фақат иккита пенальти қўйган ҳакамда эмас, «Металлург» бош мураббийи ўша ўйиндан кейин мавсум охиригача футболдан четлатилганини ҳам эслаймиз. «Пахтакор» ҳақида эса, ЎФФнинг ўша пайтдаги президенти Мираброр Усмонов аччиқ гапларни айтган - «бундай ғалаба билан эртага қайси юз билан чемпионлик медалини тақиб юришаркин?».
Усмонов бу масалага ўша мавсум охирида яна қайтилишини ва яна кимдир қаттиқ жазоланишини ваъда берганди. Кейинчалик, «Пахтакор» чемпионлик медалини тақди, ҳеч ким жазоланмади, ҳаммаси «унутилди». Аслида нима бўлганди, ким ким билан келишган, ким кимга қўнғироқ қилган, ҳаммаси мавҳумлигича қолганди.
Эслаётганимнинг сабаби, бу мавзуга тунов куни энди ЎФАнинг янги президенти Очилбой Раматов ҳам қайтди.
«Ўйинларда офсайддан урилган голлар ҳисобга олиниши, йўқ жойдан пенальти берилиши, бор пенальти берилмаслиги, футболчилар рақибга пенальти ишлаб ёрдам бериши кузатилади. Икки йил олдин бўлган «Металлург» билан «Пахтакор» ўйинини биласизлар-а? Кимлардир аралашганди. Бу ўзбек футболидаги энг аҳмоқгарчилик бўлганди. Ғирром бўлган жойга мухлис келмайди-ку?», - деб куйиниб гапирди ЎФА раҳбари.
Ҳаммаси тушунарли. Ғирром дейилганда фақат ҳакамнинг ҳаракатлари назарда тутилмагани шубҳасиз, чунки Раматов ҳам «кимлардир аралашганди» деяпти.
Бундай баёнотдан кейин қандай воқеа содир бўлиши керак?
Биринчи вариант,
ЎФА раҳбарининг сўзлари жуда қиммат туради. Бир гап айтилдими, унинг орқасида аниқ исбот ва далил бўлиши керак. Демак, кейинги ҳаракат ўша воқеа юзасидан далилларнинг тақдим этилиши ва аслида нима воқеа бўлгани очиқ ойдин оммага маълум қилиниши шарт. Шунингдек, ўша воқеада иштирок этган «кимлардир» ошкор қилиниб, улар жазоланиши, ўша ўйин натижаси бекор қилиниб, «Пахтакор»ни нафақат ўша ўйиндаги уч очкодан, умуман ўша мавсумдаги чемпионликдан маҳрум қилиш лозим.
Бир неча мухлиснинг сўкиниши учун клублар юз миллионлаб жарима тўлаётган бир пайтда, бир клубнинг ўша «сўкиниш маъносидаги иш»ни ўзбек футболига нисбатан қилишига нега кўз юмилиши керак? Ахир Туриннинг «Ювентус» клубининг ҳам ўтган чемпионатдаги ишлари кавланиб, оқибатда 2 чемпионлик унвонидан маҳрум қилинмаганмиди?
Тўғри, ўша пайтдаги «Пахтакор» раҳбарлари ҳозир йўқ, бутунлай бошқа инсонлар томонидан амалга оширилган. Аммо, клуб ўша, чемпионлик унвони музейда турибди, ахир ўғрини ушлашгач, ўғирланган мол ортга қайтарилмайдими?
Иккинчи вариант,
Раматовда ҳам, икки йил олдинги Усмоновда ҳам «Пахтакор»ни жазолашга етарли асос ҳам далил ҳам йўқ. Усмонов ўшанда ўйин атрофида пайдо бўлган гап-сўзлардан келиб чиқиб, Раматов эса, ўша пайтдаги «Пахтакор»нинг асосий рақиби «Локомотив» раҳбари бўлгани учун, ўша воқеа қаттиқ таъсир қилиб, ҳалигача эсдан чиқмаганликдан айтиб юборган бўлиши мумкин.
Мумкин, диванда ўтирганимизда, яъни ҳеч қандай аниқ маълумот бўлмаганда, ҳамма вариантни ҳисобга олишга мажбурмиз.
У ҳолда, «Пахтакор» ўз шаънини ҳимоя қилиши, ЎФА раҳбарини туҳматда, клуб шаънига путур етказишда, асоссиз айб қўйишда айблаши керак. Жамоанинг «Металлург» билан ўйиндаги ҳалол иродали ғалабаси ва бунинг орқасидан ўша йилги чемпионлиги шубҳа остига олинмоқда, буни бутун Ўзбекистон эшитмоқда, ўқимоқда. Клуб учун ўз шаъни, имижи муҳим эмасми?
Агар мен ёки бошқа журналист «Пахтакор»ни келишилган ўйинларда айблаб мақола ёзсам, эртасигаёқ клуб расмий сайтида шапалоқдек раддия чиқишига ишонаман. Бундай ҳолатлар жуда кўп кузатилган, клуб матбуот хизматининг бу борада жуда фаоллиги ва клуб шаънини муносиб ҳимоя қила олишига кўп бор гувоҳ бўлганман ва бошқа клублар ҳам бундан ўрнак олса арзийди. Аммо нега клуб ҳозир жим? Раматовга, оддий журналист эмас, расмий шахсга, айнан футболимизнинг бошида турган инсоннинг бу айбловига нега жим турибди?
Ёки бу нутқ балки яна икки йилга унутилиб кетишидан умидворми? Воқеани яна кавлаб, исбот талаб қилинса, вазият чигаллашиб кетишидан қўрқилмоқдами? Яъни ЎФА президенти қўлида ростан ҳам исбот борки, «Пахтакор» буни биладими?
Ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай баёнотлар шунчаки, жимжитлик билан ўтиб кетмаслиги, орқасидан, ё у ёки бу жараённинг бошланишига ҳизмат қилиши шарт эди. Аммо ҳозирча ўзгариш йўқ.
Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.
Қаҳрамон Асланов
Мавзуга оид
18:13 / 21.11.2024
Шацких «Пахтакор»даги вазифасига қайтгач, Тожиев, Черан, Собирхўжаев қайдномага ҳам киритилмади
13:50 / 02.11.2024
«Пахтакор» метро бекатининг эскалатор ўрнатилган томони вақтинча ёпилади
22:55 / 11.08.2024
«Пахтакор»нинг марҳум футболчилари хотирасига 45 йил олдинги «Ўйналмаган матч» ўтказилди
19:04 / 01.08.2024