Жаҳон | 22:30 / 31.01.2018
5288
2 дақиқада ўқилади

Австралияда ҳукуматнинг махфий ҳужжатлари сақланган шкафлар сотиб юборилди 

Австралиялик эркак Канберрадаги мебель дўконида иккита ишлатилган шкаф сотиб олиб, уларни ичидан минглаб махфий ҳужжатлар топиб олган. Associated Press ахборот агентлигининг маълум қилишича, шкаф қулфланган бўлгани ва унинг калити топилмагани сабабли харидорга чегирма билан сотилган. Австралиялик хариддан сўнг дрель ёрдамида шкаф қулфини ечиб олиб, унинг эшигини оча олган.  

Аниқланишича, шкаф Австралия вазирлар маҳкамасининг ҳужжатлари билан лиқ тўла бўлган. Бу ҳужжатлардан деярли барчаси у ёки бу даражада махфий белгиси билан белгиланган бўлган. Улар орасида ҳаттоки “мутлақ махфий” ҳужжатлар ҳам бўлган.

Ҳужжатларда Австралиянинг разведка ва аксилтеррорчилик режалари, гумонланувчи жангарилар ва Афғонистондаги жанговар ҳаракатлар ҳақидаги маълумотлар, махсус хизматларнинг қўшни давлатлар ва аксилтеррорчилик операциялар ҳақидаги ҳисоботлари бўлган.

Шкафнинг янги эгаси топилган ҳужжатларни Австралиянинг ABC телеканалига топширган. Журналистлар ҳужжатлардаги маълумотлардан мамлакатнинг икки собиқ бош вазири ва парламентнинг бир неча аъзолари салбий томондан кўрсатилган лавҳаларни тайёрлашда қўллашган.

Австралия ҳукумати махфий ҳужжатлар билан тўла шкаф қандай қилиб мебель дўконига тушиб қолганини аниқлаш бўйича тергов бошлаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид