Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Умрининг сўнгига қадар ҳар жума куни рафиқасининг қабрини зиёрат қилган инсон
Ўз даврида “Малик ал-уламо” (олимлар шоҳи) дея улуғланган аллома Алоуддин Косоний (туғилган санаси маълум эмас, 1191 йилда вафот этган) илмий баҳсларда ўта қатъий сўзлиги ва ноҳақ фикрга нисбатан қаҳри қаттиқлиги билан машҳур бўлган. Аммо бу инсон ҳар қандай шароитда ҳам рафиқасининг фикри ва қарорини ҳурмат қилгани тарихий манбаларда қайд этилган. Аввалига Мовароуннаҳрдан Ҳалафга элчи сифатида юборилган аллома мукаммал илми билан бу диёрда меҳр ва машҳурликка эришади. Мадрасада дарс беради. Орадан бироз вақт ўтгач, у Самарқандга қайтмоқчи бўлади. Шунда олимнинг ўз рафиқаси раъйини қайтармаслигидан хабар топган Ҳалаф ҳукмдори уларнинг шу ерда қолишларини сўраб Фотима бинти Муҳаммадга илтимоснома юборади. Шундан сўнг олимнинг аёли ҳукмдорнинг илтимосини қабул қилади ва бу оила умрларининг охирига қадар Ҳалафда қолишади. Бу маълумотдан ҳам маълум бўладики, оқила ва илмли аёл бўлган ўз рафиқасига Косонийнинг ҳурмати юқори бўлган. Ҳатто аёли вафотидан кейин умрининг сўнгигача ҳар жума куни қабрини зиёрат қилишни канда қилмаган.
Алоуддин Косонийнинг рафиқаси Фотима бинти Муҳаммад ниҳоятда илмли ва фаросатли аёл бўлган. Тарих фанлари номзоди, доцент Музаффар Комиловнинг ёзишича, бу аёл айрим чоғларда умр йўлдошининг фиқҳий хатоларини тўғирлаб, камчиликларини кўрсатиб берган, ўз даврида фиқҳ илмида беназир бўлган олим ҳам аёлининг айрим фикрларини қабул қилган.