Жамият | 15:35 / 11.02.2018
41125
2 дақиқада ўқилади

Борини сотиб саёҳатга йўл олган жуфтликнинг орзулари 20 дақиқадаёқ чипакка чиқди

Колорадода яшовчи жуфтлик - Таннер Бродвелл ва Никки Уолшнинг саёҳат ҳақидаги режаси эртаси куниёқ чиппакка чиқди, жуфтлик боридан айрилишди. Tampa Bay Times уларнинг ҳикояси билан бўлишди

Бродвелл - 26, Уолш эса 24 ёшда. Иккиси ҳам "одамларни ўзи хоҳламаган ишларни қилишга мажбур қилувчи"  ҳаётдан жуда чарчашган.

Шунда улар пул йиға бошлашган. Улар икки йил саёҳатга чиқишни режалаштиришган ва охир-оқибат жиддий қарор қабул қилишган. Жуфтлик ўзининг бор будини, шу жумладан, Бродвеллнинг спорт автомобилини ҳам сотиб, қайиқ сотиб олган. Жуфтликнинг қайиқни бошқаришга доир тажрибаси бўлмаган, шундай бўлса-да, Бродвеллнинг отаси уларга шунга доир йўл-йўриқ кўрсатган.

Май ойида улар Флоридага кўчиб ўтишган ва маҳаллий яхталар тураргоҳидан қўним топишган ҳамда шу ерда саёҳатни давом эттиришган. Улар 6 февраль куни ўз орзусини амалга ошириш учун бухтани тарк этишган.

Бироқ чоршанба куни кечқурун уларнинг қайиғи сайёҳлар орасида машҳур бўлган балиқчилар қишлоғи яқинида сув остида нимагадир урилиб, чўкиб кетган. Бродвелл ва Уолш ижтимоий таъминот карталари, бироз нақд пул, ҳужжатлар, телефон ва икки ёшли мопсни олишга улгуришган. 

Ҳозирда жуфтликнинг на уйи, на иши ва на пули бор. Қайиқ суғурталанмаган бўлган. "Мен орзуимни амалга ошириш учун бор будимни сотдим ва 20 дақиқада барчасини йўқотдим", - дейди Бродвелл.

Улар арзон меҳмонхонада тўхташган, пайшанба куни эса "қаердандир" одамлар келиб, ёрдам таклиф қила бошлашган.

Ҳозир ёшлар фақат оила аъзолари ва дўстларига ишонишмоқда. Улар энди қандай йўл тутиш борасида бир қарорга келишмаган, бироқ Бродвелл орзусидан воз кечмаслигини таъкидлаган. "Мен енгилмоқчи эмасман. Бошқа қайиқ топаман. Биз ўз мақсадимиздан шунчаки воз кеча олмаймиз", - деди у.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид