Жамият | 23:10 / 11.02.2018
76570
2 дақиқада ўқилади

«Дўстлик» чегара постидаги «сунъий навбат»дан кимга фойда?

Фото: KUN.UZ

2017 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ва Қирғизистоннинг Ўш вилоятларини боғлаб турувчи «Дўстлик» чегара пости очилиб, икки томон вакиллари чегара постидан 24 соат давомида шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида бемалол ўтиш имконига эга бўлганди.

Ҳозирда мазкур постдан кунига минглаб кишилар турли юмуш, савдо-сотиқ юзасидан ўтиб келмоқда. Савдо-сотиқ масаласига ойдинлик киритиб ўтадиган бўлсак, чегара постидан Қирғизистон томонга ўтадиганларнинг катта қисми Қорасув бозоридан ўзимизда сотиш учун турли товарлар олиб келишади.

KUN.UZ таҳририятига юборилган мурожаатда сўнгги кунларда Қирғизистон томонидан қайтиб ўтиш чоғида катта навбатлар юзага келаётгани тўғрисида айтилган.

«Қайтиб ўтаётганимизда, қўшни давлат чегара ва божхона хизмати постида уч-тўрт соатлаб навбат кутяпмиз. Навбатда турганимизда давлат хизматчиларининг «ҳожатбарор» ёрдамчилари пайдо бўлади ва 5 минг сўмдан 40 минг сўмгача бўлган миқдордаги суммага бенавбат ўтказиб қўйишни таклиф қилишади. Биздан пул олиш учун атай «сунъий навбат» ташкил қилиняпти. Наҳотки, хизматчиларни кўпайтириб, жараённи тартибга солишнинг иложиси йўқ. Мутасаддилар бу ҳолатга эътибор қаратишса бўлар эди», дейилади мурожаатлардан бирида.

Қайд этиш жоиз, савдогарлар Қорасув бозоридан асосан Хитойда ишлаб чиқарилган смарт телевизорлар, кир ювиш машиналари, турли маиший техника воситалари ва кийим-бош олиб ўтишади.

Мавзуга оид