Ўзбекистон | 12:20 / 13.02.2018
114582
3 дақиқада ўқилади

Солиқ қўмитасидаги «ваҳимали текширув» ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ берилди

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида «кенг кўламли текширув» ўтказилаётгани ҳақида тарқалган хабарлар инкор этилди. «Kun.uz»га қўмита матбуот хизмати айни вақтда Президент фармойиши билан Молия, Солиқ ва Божхона органларида ўрганиш олиб борилаётгани ҳақида маълум қилди.

Манбанинг маълум қилишича, қўмита бош биноси атрофи қаттиқ назоратга олингани ва бино атрофида ҳарбий юк машиналари жойлаштирилгани ҳақидаги хабар асоссиздир. Шунингдек, 65 кишидан иборат «терговчилар десанти» томонидан текширув олиб борилаётгани, қўмита раиси Ботир Парпиев бетоб бўлиб, шифохонага ётгани ҳақида тарқалган хабарлар ҳам ҳақиқатдан йироқ.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 январдаги Молия, солиқ ва божхона органлари фаолиятини танқидий ўрганишни ташкил қилиш борасидаги Р-5182-сонли Фармойишига асосан ҳозирда молия, солиқ ва божхона органларида ўрганиш ўтказилмоқда.

Қонун ҳужжатлари миллий базасига (lex.uz) жойлаштирилган президент фармойишига асосан ўтказилаётган ўрганиш ишлари  Бош прокуратура, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий лойиҳа бошқаруви агентлиги, Ташқи савдо, Адлия, Молия, Иқтисодиёт вазирликлари,  Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети вакилларидан иборат Ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилмоқда. Ҳозирда солиқ қўмитасида Ишчи гуруҳининг 30 нафарга яқин вакиллари ўрганиш ўтказаётган бўлиб, шундан фақат 4-5 киши прокуратура вакиллари, қолганлар бошқа ташкилотлардан келган мутахассислар.

Хоналар ва ҳужжатлар муҳрланаётгани йўқ. Аксинча, қўмита мутахассислари ўрганиш ўтказаётган ходимларга муаммоларни бартараф қилиш ва фаолиятни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатмоқда. Қўмита раиси ҳам бетоб эмас, ҳар куни одатдагидек ишга келиб, вазифаларини бажармоқда», дейди манба.

У шунингдек, бундан аввалроқ ОАВда айтилганидек 2017 йил августида қўмитанинг минглаб солиқчилари ишдан бўшатилмаганини таъкидлаб ўтди.

«Ўшанда 40 дан ортиқ ходим ишдан бўшаган, шунда ҳам, штат бирлиги Ҳисоб палатасига ўтказилганди. Таркибий тузилма ўзгартирилганди, қўмита ва ҳудудий бошқармалардаги раҳбар ходимлар сони камайтирилиб, улар туман, шаҳарлардаги оддий ходимлар сонига ўтказилганди», дея аниқлик киритади у.

Бундан аввалроқ хорижий нашрлар Бош прокуратура терговчилари Солиқ ва Божхона қўмиталарида текширув бошлагани, ходимлардан кўрсатмалар олингани ва ҳужжатлар муҳрланаётгани ҳақида хабарлар берганди. Хабарларда текширув давомида ўнлаб миллион долларлик камомад аниқлангани айтилганди.

Мавзуга оид