Фан-техника | 19:53 / 14.02.2018
29568
2 дақиқада ўқилади

Samsung эски телефонларни қайта ишлайдиган бўлди

Фото: Hitech.news

Samsung Electronics корпорациясининг дисплей ва аккумуляторлар ишлаб чиқарувчи бўлинмаси Samsung SDI эски смартфонлардан кобальт моддасини олиш учун уларни қайта ишлашни бошлайди. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, кобальт смартфон ва электромобилларнинг литий-ионли аккумуляторларини ишлаб чиқаришда қўлланади. Айни вақтда кобальтнинг асосий етказиб берувчиси Конго Демократик Республикаси ҳисобланади. 

Ушбу металл нархи охирги йилда 235 фоизга қимматлаб кетган (тоннасига 34,6 минг доллардан 81,4 минг долларгача). Бундан ташқари, январда Конго ҳукуматининг кобальт экспортига солиқни 2 фоиздан 5 фоизгача кўтармоқчилиги маълум бўлган. CRU Group компанияси прогнозларига кўра, 2030 йилга келиб кобальтга талаб унинг ҳозирги қазиб олиниши ҳажмидан 3 марта кўпроқ бўлади. Айни вақтда бу ҳажм йилига 100 минг тоннани ташкил қилади.

Bloomberg маълумотларига кўра, Samsung SDI чиқиндиларни қайта ишловчи компаниянинг улушини сотиб олмоқчи. Бундан ташқари, SDI кобальт етказиб беришга узоқ муддатли шартнома имзоламоқчи ва кобальтнинг электромобиллар аккумуляторларидаги миқдорини камайтирмоқчи ёки умуман ундан фойдаланишдан воз кечмоқчи.

Таъкидланишича, кобальтнинг смартфонлардан олиниши бўйича тажриба муваффақиятли чиқса, Samsung SDI Toyota Motor ва Panasonic каби гибрид электромобилларнинг ишлатилган аккумуляторларидан ушбу металлни олишни бошлаши мумкин.

Мавзуга оид