Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
"Кореяликлардан "юқтирадиган" томонларимиз кўп" - Шерзод Қудратхўжаев
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга қилган сўнгги ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очди. Ташриф доирасида савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларда қиймати 10 миллиард долларидан зиёд бўлган 60 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди. Улардан 4,5 миллиард доллари тўғридан-тўғри инвестициялардир.
KUN.UZ мухбири 14 февраль куни Тошкент шаҳридаги ИНХА университетида Халқаро Пресс-клуб (ХПК) томонидан ташкил этилган "Ўзбек-корейс дўстлиги: тарих саҳифалари, истиқбол уфқлари" мавзуидаги сессияда тақдим этилган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. Унда Ўзбекистон-Корея Дўстлик жамияти вакиллари, экспертлар, ИНХА университети талабалари ҳамда Ёшлар иттифоқи аъзолари иштирок этишди.
ХПК раиси Шерзод Қудратхўжаевнинг маълумот беришича, корейс миллатига мансуб 51 миллион кишининг 7 миллиони мамлакат ташқарисида истиқомат қилади. Хитойда - 2,3 миллион, АҚШда - 2 миллиондан зиёд, Японияда - 212 минг корейс, МДҲда умумий ҳисобда 500 минг корейс яшаса, Ўзбекистонда эса бу миллат вакилларининг сони 200 мингдан ортиқ экан.
Ўзбекистон корейслар яшовчи энг катта тўртинчи диаспора ҳисобланади. Ўзбекистонда яшовчи корейслар ўзбек тилида сўзлаша олишини кўпчилик билади, бу эса камдан-кам учрайдиган ҳолат, дейди Қудратхўжаев. Унинг сўзлари исботи сифатида бир неча йилдан бери Ўзбекистонда яшовчи корейс миллатига мансуб Кураш федерацияси вакили Ўзбекистон ва унинг халқига бўлган меҳр-муҳаббатини соф ўзбек тилида баён қилди ва ўтирганларнинг олқишига сазовор бўлди.

Корея Республикасининг иқтисодиёти Осиёда тўртинчи ўринда, дунё миқёсида эса ўн биринчи ўринда туради. "Биз уларнинг бундай ютуқлари учун хурсандмиз. Улардан ўрганадиган, "юқтирадиган" томонларимиз кўп. Корея республикасининг ривожланиш феноменини ўрганиш биз учун жуда қизиқ. У дунёнинг энг инновацион мамлакати сифатида эътироф этиб келинади", - дейди ХПК раиси.
Бундан ташқари, у Корея Республикасига қилган сафари чоғида Ўзбекистон Президенти ва Корея бош вазирининг учрашувида бўлгани ҳамда унда кореяликлар бош вазирининг айтган сўзлари катта таассурот қолдирганини таъкидлади: "Болалигимда кўп китоб ўқиганман ва дунёда Самарқанд ва Бухоро деган сеҳрли диёр борлигидан хабар топганман. Мен учун бу эртак. Ҳеч қачон у ерларда бўлмаганман. Нафақага чиққанимдан кейин Ўзбекистонга кўчиб ўтиб, Самарқанд ёки Бухорода яшасам майлими? У ерда болаларга мактабда корейс ва япон тилларидан сабоқ беришим мумкин. Менга бошқа ҳеч нарса керак эмас", - деган Корея Республикаси бош вазири. Унинг сўзларидан кейин ўзимга ўзим мен ўзбек бўла туриб Самарқанд ва Бухорони шунчалик қадрламас эканман деб ўйлаб қолдим, дейди Ш.Қудратхўжаев.
Мавзуга оид
09:33 / 04.04.2025
Жанубий Корея президенти лавозимидан расман четлатилди
10:29 / 24.03.2025
Жанубий Кореяда президент вазифасини бажарувчига нисбатан импичмент бекор қилинди
10:55 / 19.03.2025
Кореянинг Улсан шаҳар мэрияси орқали Ўзбекистон фуқароларига соддалаштирилган тартибда меҳнат визаларини бериш механизмлари жорий этилади
15:44 / 05.02.2025