Иқтисодиёт | 08:30 / 14.02.2018
10534
3 дақиқада ўқилади

Veolia компаниялар гуруҳи Наманганда иссиқлик таъминотини яхшилаш лойиҳасини амалга оширади

Фото: Молия вазирлиги

Ўзбекистон Молия вазирлиги Франциянинг Veolia компаниялар гуруҳи билан музокаралар ўтказди. Музокаралар давомида Наманган шаҳрида иссиқлик захираларини бошқариш ва энергия истеъмоли масалалари муҳокама қилинди.

Ушбу учрашувни ўтказишдан мақсад Наманган шаҳрида энергетик хизматларни бошқариш комплекс тизимини жорий қилиш, шаҳарни иссиқлик билан узлуксиз таъминлаш ва уни самарали тақсимлаш механизмини белгилаш бўлган.

Томонлар 4-авлоддаги марказий иссиқлик таъминоти тизимлари замонавий ишланмалари, максимал автоматлаштириш ва мониторинг тизимини масофадан бошқариш имконига эга ёпиқ тизимдаги паст ҳароратли қурилмани қўллаш имконини муҳокама қилишди. 

Veolia захираларни бошқаришни оптималлаштириш соҳасида дунёда етакчи компания ҳисобланади. Компания бу соҳада 160 йиллик тажрибага, бутун дунё бўйлаб бўлинмаларига эга. Компанияда фаолият юритувчи ходимларнинг умумий сони 163 минг кишини ташкил қилади. Компаниялар гуруҳи сув захиралари, чиқиндилар ва энергия таъминотини бошқариш соҳасида ечимлар ишлаб чиқади ва тақдим қилади.      

Veolia бошланғич босқичда Ўзбекистонда захиралар билан таъминловчи тизимларни такомиллаштириш, уларни замонавий инновацион асосда қайта ташкиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшмоқчи. 

Ушбу вазифаларни жаҳон стандартларига жавоб берувчи дастлабки лойиҳа доирасида амалга ошириш режалаштирилган. Лойиҳа давомида кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини тубдан ошириш ва шаҳар хўжалигининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш учун зарур инновацион технологиялардан кенг фойдаланилади. Илк ижобий натижалар олингандан кейин лойиҳани амалга оширишда олинган тажрибани қолган шаҳарларга татбиқ қилиш режалаштирилмоқда.  

Мутахассисларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, Наманганда Veolia’нинг инновацион ечимларини жорий қилишдан олинадиган самара билан қуйидагиларга эришилади:

- иссиқлик таъминоти кўрсаткичларининг тубдан яхшиланиши;
- зарарли чиқиндилар миқдорини камайтириш ҳисобига экологик муҳитни яхшилаш; 
- йилига 24,5 млн кубметр табиий газни тежаш ва бу тежалган газни экспорт қилишдан йилига 3,1 млн доллар даромад олиш.  

Пировард натижада лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши аҳоли турмуш даражаси ошишига кўмак беради. 

Мавзуга оид