Ўзбекистон | 10:56 / 15.02.2018
15617
2 дақиқада ўқилади

“Хива хонлиги канцелярияси” ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастури рўйхатига киритилди

Фото: UNESCO

Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида сақланаётган ҳужжатлардан бири — “Хива хонлиги канцелярияси” ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастури рўйхатига киритилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” нашри ёзмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви ўзининг қадимий, бой ва асл тарихий ҳужжатлари билан Марказий Осиё давлатлари архивлари орасида етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Хусусан, архивда сақланаётган “Хива хонлиги канцелярияси”, “Бухоро Амирлиги Қушбегиси”, “Қўқон хонлиги” каби фондлар узоқ ўтмишни холис ўрганиш ва тадқиқ этишда муҳим ҳамда қимматли манба ҳисобланади. 

“Хива хонлиги архив ҳужжатлари” фонди ҳужжатларининг аслийлиги ва халқаро аҳамиятга эга эканлигини инобатга олган ҳолда, мазкур фондни тўлалигича ЮНЕСКО рўйхатига киритиш бўйича иш олиб борилди. Тегишли материаллар тайёрланиб, ўзбек, рус ва инглиз тилларида аннотациялар билан ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастури халқаро рўйхатига киритиш учун тақдим этилди.

Шу масала юзасидан Париж шаҳрида бўлиб ўтган мажлисда номзодномалар кўриб чиқилди. Унда бутун дунё мамлакатларидан 78 та номзоднома мазкур рўйхатга киритилиши учун тавсия этилган эди. “Хива хонлиги канцелярияси” номзодномаси ЮНЕСКО дастури бўйича халқаро қўмита мажлисида учинчи бўлиб эътироф этилиб, халқаро миқёсдаги сертификат билан тақдирланди.

 

Мавзуга оид