Фан-техника | 12:06 / 16.02.2018
4632
3 дақиқада ўқилади

Google мессенжерларда фойдаланувчи ўрнига жавоб берувчи чатбот чиқаради

Фото: EAST NEWS

Google мессенжерларда оддий хабарларга фойдаланувчи ўрнига жавоб берувчи чатбот яратиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Next Web хабар берди. 

Area 120 компанияси лабораторияси Reply деб номланган ушбу тизимни синовдан ўтказмоқда. Бу тизим ҳозирча фақат Android’да ишлайди, бироқ кейинроқ Hangouts, Allo, WhatsApp, Facebook Messenger, Android Messages, Skype, Twitter ва Slack’ мессенжерларида ҳам ишлай олади.  

Чатботнинг ишлаш принципи оддий: у сизни ишдан ёки машина ҳайдашдан чалғитмаслик учун “Салом, ишлар қалай?” каби хабарларга аввалдан ёзилган жавоб вариантларини автоматик тарзда таклиф қилади, мисол учун, “Яхши, раҳмат, ўзинг яхшимисан?” каби. Тизим “Сен ресторандамисан?” хабарига “Яқин орада бўламан”, “Ҳа, шу ердаман”, “Аллақачон шу ердаман” ва шу каби кўринишдаги жавоб беришни таклиф қилади. Бундан мақсад алоҳида маъно касб этмайдиган хабарларни теришга вақтни сарфламасдан, уларга телефонга бир тегиш билан жавоб беришдан иборат.

Reply бундай оддий функциялар билан чекланиб қолмайди. Дастурчилар “Безовта қилинмасин” режимини яратмоқчи. Бу режим сиз машина ҳайдаётганингизда автоматик равишда ишга тушади. Сизга хабарлар ҳақида огоҳлантириш келмайди, бот сизнинг суҳбатдошингизга ўзи “Мен рулдаман, кейинроқ ёз” деб жавоб бераверади. Шу билан бирга “Қаердасан? Сени ярим соатдан бери кутмоқдамиз” каби шошилинч хабарлар телефон “тақиқ”да турган бўлса ҳам экранга чиқади.

Дастурнинг яна бир қизиқ функцияси “ақлли жавоблар”дир. Дастур телефоннинг геолокацияси ва ёқтирган транспорт турингизга қараб, “Сен қачон уйга келасан?” саволига дақиқагача аниқликда жавоб бера олади. Reply’ни шунингдек “Таътил” режимига қўйиш мумкин. Бунда у сизнинг тақвимингизга мос равишда ишингиз бўйича мураккаб бўлмаган хабарларга жавоб беради. Янги дастурнинг чиқиши санаси ҳозирча ошкор қилинмаяпти, у энди синовдан ўтказилмоқда.

Айни вақтда чатботлар фойдаланувчиларнинг муайян саволларини ҳал қилишда ёрдам бера олади, бироқ шунчаки “ундан-бундан” сўзлаша олмайди. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид