Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
71 ёшли беморга 3D-босмадан чиқарилган титан- қовурғалар ўрнатилди
71 ёшли британиялик Питер Маггс саратон сабаб уч қовурғаси ва кўкрак қафасининг бир қисмидан маҳрум бўлганди. Ўсимта шу қадар катта эдики, операция вақтида кўкрак қафасининг бир қисмини олиб ташлашга тўғри келди. Бироқ шифокорлар вазиятдан чиқишнинг йўлини топишди ва етишмаган суякларни 3D-босмадан чиқаришди, дейилади WalesOnline нашрида.
Бундай ҳолатларда анъанага кўра цементдан ишланган протезлар қўлланилади. Бироқ бу сафар шифокорлар янада мустаҳкам ва аслига яқинроқ нусха яратишнинг уддасидан чиқишди. Шифокорлар протез шакллантиришди ва соҳага ихтисослашган компанияга унинг 3D-нусхасига буюртма беришди. Имплант мустаҳкамроқ бўлиши учун уни титандан тайёрлашга қарор қилинди.

Операция муваффақиятли ўтди: Питер Маггс энди қисман титандан иборат ва унинг аҳволи яхшиланмоқда. Шифокорлар ҳам меҳнатлари самарасидан мамнунлар. Улар бундай ёндашувда операция давомийлиги 2 соатга қисқаришини таъкидлашмоқда, чунки тайёргарликнинг бир қисми аввалдан кўрилади. Операцияга қадар компьютер томографияси ўтказилган ва шу сканлар асосида имплант тайёрланган.
Шифокорларнинг айтишича, титан имплант деформациялар ва жароҳатларга камроқ мойил бўлади. Уни қолган суякларга улаш ҳам осонроқ. Бу бутун кўкрак қафаси билан боғлиқ муаммолар бўлмайди дегани. Асосий қўрқувлардан бири шу борада эди: қовурғаларсиз ички органлар деформацияси хавфи бор эди, бироқ титан буни четлаб ўтиш имконини берди.