Жаҳон | 00:21 / 20.02.2018
9242
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони атом электр станциялар қурмоқчи

Фото: Getty Images

Саудия Арабистони ҳукумати тинч атом технологиясини ўзлаштириб, қиролликда атом электр станциялар барпо қилмоқчи. Бу ҳақда қиролликнинг ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр CNBC телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.   

Ал-Жубайрнинг айтишича, қироллик айни вақтда ушбу масала бўйича 10 та давлат билан музокаралар олиб бормоқда. Унинг таъкидлашича, у АҚШ ҳукуматини саудияликларга ядровий ёқилғи ишлаб чиқарувчи қолган давлатлар эга бўлган ҳуқуқлар берилишига рози бўлишга чақирмоқда.

Яқин 20-25 йилда Саудия Арабистони 16 та ядровий реактор қурмоқчи ва бу мақсадлар учун умумий ҳисобда 80 млрд доллар сарфламоқчи. Вазирнинг айтишича, Ар-Риёд бу масалада АҚШ ҳукумати кўмагига умид қилган, бироқ тинч атом бўйича ҳамкорлик қилиш учун икки давлат ядровий объектларни фуқаролик ва ҳарбийларига ажратувчи алоҳида келишув тузиши керак. Бу келишувсиз АҚШ компаниялари Саудия Арабистонида ишлай олмайдилар. 

“Биз нефть салоҳиятимизни сақлаб қолиш учун ўзимизнинг атом электр станциялар тизимимизни яратмоқчимиз. Биз бу масала бўйича 10 та давлат билан музокаралар олиб бормоқдамиз, бироқ ҳозирча ҳамкор борасида бир тўхтамга келмадик”, деб айтган ал-Жубайр. 

Мавзуга оид