Фан-техника | 14:32 / 26.02.2018
16029
4 дақиқада ўқилади

Бензин ва электрда: Женева автосалонида тақдим этилувчи энг ноёб машиналар

Jaguar электр кроссовери, Ferrari Pista ва янги Porsche 911 - Forbes Женева автосалонидаги моторшоуда тақдим этиладиган энг қизиқ моделларни танлаб олди. Ушбу моторшоу Европадаги энг нуфузли саналади ҳамда йил давомида бундай даражадаги ягона тадбирдир: унда жаҳондаги энг машҳур автомобиль ишлаб чиқарувчилар қатнашади. У илк бор 1905 йилда бўлиб ўтган бўлиб, 2018 йилда ўз эшикларини 88 марта очади.

Қуйида 8-18 март кунлари бўлиб ўтадиган кўргазмада тақдим этилувчи энг қизиқ машиналар ҳақида маълумот берилади.

Peugeot 508

Фото: Geneva Motor Show

Янги Peugeot 508 Audi A5 Sportback’га чақириқ ташлашга тайёр. Жиҳозлар рақобатчиникидан кам эмас: тунда кўриш тизими, адаптив круиз-назорат, уқалаш тизимига эга ўриндиқлар ва бошқа кўплаб нарсалар. Бироқ куч қурилмаси бироз кучсиздек: 1,6 литрли PureTech, қуввати 180 дан 225 от кучигача.

Skoda Octavia RS 245 Challenge Plus ва Superb

Фото: Geneva Motor Show

Skoda Octavia RS 245 Challenge Plus ва Skoda Superb’нинг ташқи кўриниши ҳозирча ошкор этилмаяпти, бироқ техник хусусиятлари ҳайрон қолдиради: 268 кучли ички ёниш двигатели, иккита уламага эга 7 тезликдаги автоматлаштирилган узатмалар қурилмаси. Маълум бўлишича, машиналар янги электрон жиҳозларга эга бўлади.

Hyundai Santa Fe

Фото: Geneva Motor Show

Hyundai янги Santa Fe ҳақида ҳеч нарсани яширмади – кейинги авлоддаги кроссовернинг нархи ҳам ҳаттоки маълумот. Куч қурилмаси катта ўзгаришларга учрамади, асосий эътибор янги кузовга қаратилди – у юқори чидамли пўлат улуши оширилиши ҳисобидан яна кучлироқ бўлди. Бундан ташқари, олд қисмидаги қаршилик коэффициенти пасайди.

Cupra Ibiza

Фото: Geneva Motor Show

Автосалон Seat суббренди - Cupra учун дебютга айланади, у Ibiza спорт ҳетчбекини кўргазма учун тайёрлаб қўйди. Капот остида – 200 от кучига эга, Volkswagen Polo GTI турбомотори. Максимал тезлик – соатига 233 километр.

Volvo V60

Фото: Geneva Motor Show

V60 универсали учун моторшоу жаҳон премьерасига айланади, гарчи у ўз юртида, Швецияда, тақдим этиб бўлинди. Автомобиль концерн томонидан 90-серияда ва XC60’да қўлланилувчи SPA платформаси негизида қурилган. V60 қуввати 340 ҳамда 390 от кучи бўлган гибрид куч қурилмалари ёрдамида ҳаракатга келади.

Lexus UX

Фото: Geneva Motor Show

Шаҳар кроссовери Audi Q3 ёки BMW X1’га рақобат туғдириши керак. Маълум бўлишича, Lexus UX 200, UX 250 ва UX 250h номига патент олди. Катта эҳтимол билан, рақамлар куч қурилмаси турини англатади: 2,0; 2,5 литрли ва гибридли.

Porsche 911 GT3 RS

Фото: Geneva Motor Show

Немис спорткари Porshe тарихидаги энг кучли куч қурилмасига эга – 520 кучли, 4,0 литрли мотор, у етти поғонали робот билан уйғун ишлайди. Аввалги модель билан таққослаганда, машина яхшироқ аэродиманикага эга, оғирлиги эса камайтирилди. Қўшимча пул эвазига магнийли ғилдирак дискларини харид қилиш мумкин, улар машинани янада енгил қилади.

Ferrari 488 GTB Pista

Фото: Geneva Motor Show

Ferrari барча моделлари каби, суперкар куч қурилмаси билан ҳайратга солади: 3,6 литрли двигатель 721 от кучи қувватига эга. Шу билан бирга, кузов конструкциясида енгил композит материаллар кенг ишлатилган. Натижада, Pista соатига 100 километр тезликка 2,8 сонияда чиқади.

Jaguar I-Pace

Фото: Geneva Motor Show

Британия маркаси электрокарни яратиш бўйича биринчи тажрибани тез ўсаётган соҳа – SUV’да олишга ҳаракат қилди. I-PACE кроссовери - Tesla Model X’нинг тўғридан тўғри рақобатчиси. Илк машиналар атиги ярим йилдан сўнг савдога чиқади. Куч қурилмаси қуввати – 400 от кучи, автомобиль соатига 100 километр тезликка 4 сонияда чиқади – бензинли исталган рақобатчидан тезроқ.

Мавзуга оид