Фото: Андижоннинг Боғишамол қишлоғида касал бўлмаган маъқул
Андижон шаҳрининг биқинида жойлашган Боғишамол қишлоғи катта ҳудуд. Аҳоли сони ҳам шунга яраша. Бир-биридан чиройли номларга эга «Боғи Эрам», «Буюк ипак йўли», «Янги ҳаёт» ва «Боғишамол» маҳалла фуқаролар йиғинларида 24 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур тарифлаганидек, жуда баҳаво, табиати гўзал жойлар. Бу таърифларга мақола сўнгида яна бир бор қайтамиз
«Kun.uz» таҳририятига қишлоқдаги поликлиника фаолиятига доир мурожаат тушгач, ўрганиш учун етиб бордик.
Фуқаролар томонидан юборилган арзномада тўрт маҳаллага тиббий хизмат кўрсатадиган 8-оилавий поликлиникада даволаниш учун шароитлар етарли эмаслиги айтилган. Айни пайтда бу муассаса Андижон шаҳридаги 8-оилавий поликлиниканинг 3-бўлими деб аталади.
Иш куни, соат эрталабки саккизларда муассасага борганимизда, кўп минг кишилик ҳудудга хизмат қиладиган муассасада беморлар жуда оз эди. «Бу ҳолат аҳолининг соғлиги яхшилигидандир?», дейсизми? Афсуски, ундай эмас... Беморлар сийраклигига сабаб поликлиникага даво истаб келган касаллар учун шароит йўқлигидан.
Тиббиёт масканида сўнги 20 йил давомида, шифокорларга ташхис қўйиш учун энг яқин ёрдамчи бўлиб қолган УЗИ ускунаси ҳам йўқлигини билиб: «Қайси асрда яшаяпмиз?» дея қолдик, холос.
Барчамизга маълумки, мавжуд меъёрларда кўрсатилганидек, поликлиникаларга аҳоли сонидан келиб чиқиб, ҳар икки минг кишига бир шифокор ажратилади. Вилоятда тиббиёт институти бўла туриб, поликлиникада шифокорлар танқислиги ҳолати кузатилмоқда. Ҳудудда 24 минг аҳоли (шундан 8 мингга яқини 15 ёшгача бўлган болалар) бўлсада, муассасада 6 нафар шифокор фаолият юритади, холос. Ҳамширалар сони эса 15 нафар. Ҳамширалар сонига қараб, аҳоли хонадонларига кўрсатилаётган патронаж хизмати сифатига ўзингиз хулоса чиқаришингиз мумкин. Аҳоли сонидан келиб чиқиб, 30 нафар тиббиёт ҳамширалари кераклиги аниқ-ку?
Қизиғи, поликлиникада 15 нафар ҳамширага бор-йўғи 2 дона патронаж сумкаси берилган экан. Улар аҳоли хонадонига навбатдан боришса керак... Ахир, хонадонларга қуруқ қўл билан асбобсиз боришдан самара йўқ-ку?
«Лор» дея ёзилган эшикка борамиз. Қулоқ-томоқ доктори йўқ эди. Сўнг «арроҳ» дея ёзилган эшикни тақиллатамиз. Бу хонада ҳам ҳеч ким йўқ. Стоматолог дея аталмуш тиш дўхтирининг ҳам хонаси бор, ўзи йўқ.
Бизга маълум қилишларича, тор доирадаги мутахассислик врачлари ярим ставкадан ишлар экан. Юқоридаги тана аъзолари оғриган боғишамолликлар Андижон шаҳридаги поликлиникага бориши керак. Дорихона масаласи ҳам муаммо. Поликлиникага яқин жойда дори-дармон сотадиган жой топилмайди. Тиббиёт муассасасининг печати ҳам йўқлиги сабаб, ҳудуд аҳолиси маълумотномага ҳам Андижон шаҳрига бориб келади.
Тиббиёт бу – тозалик дегани. Шифокор бир беморни кўргач, албатта қўлини ювади. Масканда сув муаммоси кўндаланг. Шифокорлар хоналардаги сув жўмраги ёнига пластик идиш (баклашка) ва сув идишлари қўйиб олишибди. Хоналардаги бирор жўмракдан сув тушмайди. «Ичимлик суви суткасига атиги бир-икки соат берилади», дейди ҳамширалардан бири. Иссиқ сув эса эртак. Лаборатория жиҳозлари ва УВЧ сингари техника воситалари эса орзу...
Бино аллақачон таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Иситиш тизими яхши ишламаслиги боис, шифокорлар қиши билан беморларни совуқ хоналарда қабул қилишди. Ёш боласи бор оналарга жуда қийин. Ҳудудда намунали типдаги коттежлар ҳам қурилган. Ёш оилаларда минг нафарга яқин 3 ёшгача бўлган болалар бор. Уларни узоқ йўл босиб, шаҳар ичидаги 8-поликлиникага ёки хусусий шифохоналарга олиб боришга тўғри келяпти. Шифокорлар замонавий техника воситаларисиз фаолият юритмоқда. Самара ҳам шунга яраша. Ўша УЗИ ускунаси 12 миллион сўм маблағ эвазига келар экан. Ахир, инсон саломатлиги бебаҳо-ку?!
Муассасада ишлаётган оз сонли шифокор ва бошқа ходимлар қўлидан келганича ободонлаштириш ва тозаликка эътибор қаратаётгани кўриниб турибди. Лекин таъмирга муҳтож бино, эски ва замон талабидан ортда қолган мебелларни минг ювиб, артганингиз билан янги бўлиб қолмас экан.
Юқорида айтганимдек, Боғишамол баҳаво ва табиати чиройли ҳудудга жойлашган. Балки, вилоят соғлиқни сақлаш мутасаддилари: «Мана шундай ҳавоси тоза жойда яшаганлар касал бўлмайди!», деб ўйлаётгандир?..
Лекин, қишлоқ аҳли атрофда бирорта намунали тиббиёт муассасаси йўқлигидан азият чекмоқда. 24 минг аҳоли истиқомат қиладиган Боғишамол қишлоғига барча йўналишдаги касалликларни даволаш имкониятига эга бўлган мутахассис ва замонавий техник воситалар билан жиҳозланган оилавий поликлиника зарур.
Мақолани эса одатий ва анъанавий жумла билан тугатаман: «Биз мазкур мавзуга яна қайтамиз!»
Мавзуга оид
10:40
Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилмоқда
21:10 / 18.11.2024
Андижонда 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш мажмуалари қурилади
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
14:41 / 06.11.2024