Фан-техника | 08:05 / 02.03.2018
5277
2 дақиқада ўқилади

Atlas V ракетаси метеорологик сунъий йўлдош билан бирга учирилди

Фото : United Launch Alliance

Atlas V ракета-ташувчиси Флоридада АҚШнинг янги GOES-S метеорологик сунъий йўлдоши билан бирга учирилди.

United Launch Alliance компаниясига тегишли ракета Тошкент вақти билан соат 03.02да Канаверал бурнидаги космодромдан учирилди. Миссия АҚШнинг океан ва атмосфера муаммолари миллий бошқармаси (NOAA) ва NASA коинот агентлиги учун амалга оширилган.

Ракетанинг биринчи поғонаси Россиянинг РД-180 двигатели билан жиҳозланган ва у режалаштирилгандек ракета стартидан 3 дақиқа ўтгач ажралган.

Lockheed Martin компанияси томондан яратилган GOES-S сунъий йўлдоши Ернинг ғарбий яримшарида атмосфера ҳодисаларини кузатиш учун мўлжалланган сунъий йўлдошлар қаторидан жой олади. У 2016 йилда учирилган GOES-R сунъий йўлдоши каби об-ҳавони эрта аниқлаш, прогнозлаш ва мониторинг қилиш имкониятларини анча яхшилаши, табиий офатларга таъсирчанлик самарадорлигини ошириши керак.   

GOES сериясидаги илк сунъий йўлдоши 1975 йилда учирилган ва ўшандан бери бу сунъий йўлдошлар АҚШда метеорологик кузатувларнинг асосий манбаси ҳисобланади.

Мавзуга оид