Ўзбекистон | 14:49 / 05.03.2018
22940
2 дақиқада ўқилади

Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг суд иши бошқа кунга қолдирилди

Фото: Facebook

5 март куни журналист Бобомурод Абдуллаевга нисбатан бўлиб ўтиши лозим бўлган илк суд иши бошқа муддатга кўчирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди расмий вакили Азиз Обидов KUN.UZ‘га маълум қилган.

Аввалига Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланган Бобомурод Абдуллаев ва унинг иши доирасида қўлга олинган Ҳаётхон Насриддинов, Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевга нисбатан суд эшитуви  5 март куни бўлиб ўтиши белгиланганди.

Манбанинг маълум қилишича, эндиликда мазкур иш юзасидан суд эшитуви 7 март куни соат 14:30да ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, қўлга олинган гумондор шахслар Жиноят кодексининг 159-моддасида кўзда тутилган жиноятни (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) содир этишда айбланмоқда.

Мазкур жиноят иши Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов раислиги суд таркиби ва халқ маслаҳатчилари иштирокида кўриб чиқилади.

Маълумот учун, Бобомурод Абдуллаев 2017 йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олинган.

Мавзуга оид