Ўзбекистон | 11:25 / 07.03.2018
22092
4 дақиқада ўқилади

Меҳнат мигрантлари қандай қилиб чегирмали чипталарни сотиб олиши мумкин?

Фото Reuters

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК 2018 йил 1 апрелдан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларга плацкарт ва умумий вагонларга темир йўл чипталари ҳамда иқтисодий (эконом) класс авиачипталар нархларига 20 фоизгача чегирма тақдим этади. Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган ҳар бир фуқарога темир йўл ва авиачипта харид қилиш харажатларини қисман қоплаш учун 300 минг сўм миқдорда беғараз тўлов бир йилда бир марта амалга оширилади.

Чет элга вақтинча ишлаш учун чиқаётган фуқаролар билан иш олиб бориш бўйича сектор вакиллари уйма-уй юриш асосида хорижга чиқишни режалаштираётган фуқароларни аниқлайди ва уларга имтиёзли чипталарни сотиб олиш ҳамда хавфсиз чиқиш масалаларини тушунтиради.

Эҳтимолий меҳнат мигрантлари электрон маълумотлар базасида рўйхатдан ўтиш учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига (имтиёзларни чиптани сотиб олишнинг мажбурий шарти) юборилади. Зарур бўлганда, секторлар ва агентликлар имтиёзли чипталар олиш учун жамоавий ариза бериш учун гуруҳларни ташкил этадилар.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ариза топширилган кундан бошлаб, фуқаро эҳтимолий иш жойи, йўналиш ва жўнаб кетиш санасини кўрсатиб, маълумотлар базасида рўйхатга олинади.

Агентлик ўша куни валюта ҳисоб рақамини очиш ва меҳнат мигрантлари учун махсус Visa картасини бериш учун фуқаро ҳақидаги маълумотни «Алоқабанк» банкига, шунингдек, агентлик ҳузуридаги темир йўл ва авиачипталарни бронлаш ҳамда сотиш бўйича ихтисослашган кассага юборади.

Касса бир иш куни мобайнида «Ўзбекистон темир йўллари» ёки «Ўзбекистон ҳаво йўллари»га чиптани брон қилиш учун мурожаат юборади. Ташувчи бир иш куни мобайнида чиптани бронлаши керак.

Бронлаш ҳақида маълумотни олгач, касса икки иш куни мобайнида фуқарога чипта савдоси жойи ва жўнаш санасини маълум қилади.

Фуқаро махсус кассага мурожаат қилади, у ўша куниёқ чиптани имтиёзли тариф (минус 20%) ва 300 000 сўмлик чегирма (бир йилда бир марта) орқали сотиши керак.

«Алоқабанк» меҳнат мигрантига валюта ҳисобини очади ва бир иш куни мобайнида Visa картасини беради. Картада минимал комиссия ва ноль суммалик суғурта депозити мавжуд.

Тасдиқланган схема бўйича жами чегирмали чипта бериш учун етти кундан ортиқ вақт талаб қилинмайди.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ чипталарига чегирмалар плацкарт ва умумий вагонларга, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га эса - иқтисодий (эконом) классга тақдим этилади.

Чипта сотиб олаётганда ҳаёт ва соғлиқ суғуртасини расмийлаштириш учун мурожаат қилиш мумкин. Бундан ташқари, миллий ташувчининг чет элга вақтинча ишлаш учун чиқадиган фуқароларга жавобгарлик суғурта механизмини жорий этиш режалаштирилган.

“Ипотека банк” томонидан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларга 1000 АҚШ доллари эквивалентида кредит ажратиш ҳам назарда тутилган. 

Мавзуга оид