Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Буффоннинг орзуси тирик! «Ювентус»ни енгиб бўлмади
Италия чемпионларига вазиятни ўз фойдаларига буриб юбориш учун 3 дақиқа кифоя қилди.
«Тоттенҳэм» - «Ювентус»
Голлар: Сон Хин Мин, 39 (1:0). Игуаин, 64 (1:1). Дибала, 67 (1:2).
«Тоттенҳэм»: Ллорис, Триппьер, Санчес, Вертонген, Дэйвис, Дембеле, Дайер (Ламела, 74), Эриксен, Алли (Льоренте, 86), Кейн, Сон Хин Мин.
«Ювентус»: Буффон, Барцальи, Бенатиа (Лихтштайнер, 61), Кьеллини, Сандру, Хедира, Пьянич, Матюиди (Асамоа, 60), Дибала, Игуаин (Стураро, 83), Дуглас Коста.
Огоҳлантиришлар: Вертонген, 28. Матюиди, 35. Пьянич, 44. Бенатиа, 49. Кьеллини, 53. Алли, 56. Дембеле, 88.
Ҳакам: Марчиняк (Польша).
7 март. Лондон. Уэмбли стадиони.
Биринчи ўйин - 2:2
Енгилмаслар

Узоқ вақтдан буён мағлуб бўлмай келаётган жамоалар тўқнашувини кузатиш ҳамиша қизиқ. «Тоттенҳэм» Чемпионлар лигаси нимчорак финалининг жавоб учрашувига қадар 17 учрашувдан иборат мағлубиятсиз серия қайд этди, «Ювентус»да 20та ўйин. Чоршанба куни ўйин дуранг билан тугаши ҳам ва жамоаларнинг иккиси мағлубиятсиз серияни давом эттириши ҳам мумкин эди. Аммо бу ҳолда «Ювентус» турнирни тарк этишга мажбур бўлиши мумкин эди. Туринликлар бунга рози бўлолмасди.
Ўйиндан олдин Италиядаги нашрлар шундай сарлавҳали муқовалар билан чиқиш қилишди: «Гол ур, Юве!», «Юве рок ўйнайди»: ҳамма «Уэмбли»да концерт кутди. «Кекса синьора»нинг Лондонда пассив бўлишга ҳаққи йўқ эди.
«Мен «Уэмбли»да ўйнаш имкониятидан хурсанд бўламан, ахир бу катта футбол театридир, мен бу ўйин Чемпионлар лигасидаги охирги ўйиним бўлиши мумкинлиги ҳақида умуман ўйламаяпман. Мен табиатан тузалмас оптимистман», деганди ўйиндан олдин «Ювентус» дарвозабони Жанлуижи Буффон.
«Тоттенҳэм» собиқ устози «шпорлар» ўз майдонида ўйнаётган бўлсада, устунликка эришмаслигини башорат қилди: «Туринда «Ювентус» «Тоттенҳэм»нинг тўпга эгалик қилиш устунлигини йўққа чиқара олмади. Аммо «Уэмбли» – жасорат кўрсатиш учун қулай жой, чунки бу стадионда мезбонлик атмосфераси йўқ. Мухлислар меҳмон жамоа футболчиларига босим ўтказа олишмайди». У ҳақ бўлиб чиқди.
Аллегри бу ўйиндан олдин Манжукичдан айрилганди, аммо Дибалага ҳужумда икки ҳафталик танаффусдан кейин сафга қайтган Гонсало Игуаин шериклик қилиши мумкин эди.
Маурисио Почеттино эса дисквалификация туфайли Орьенинг хизматларидан фойдалан олмасди. Ивуарлик бу футболчи Туриндаги ўйинда хатоларга йўл қўйганди ва мураббий уни шусиз ҳам ўйнатмаслиги мумкин эди.
Эътиборли жиҳати лондонликлар 2018 йилда «Ювентус» дарвозасини ишғол қила олган ягона жамоа эди, Буффонга ички чемпионатда ҳам, кубок ўйинларида ҳам бошқа жамоалар гол ура олмаяпти.
«Шпорлар»га аталган бўлим
Аллегри танлаган схемаси билан барчани ажаблантирди. У мухлисларни ҳам ва рақиб жамоа мураббийи Маурисио Почеттинони ҳам ҳайрон қолдирди. Италия чемпиони ўйинга 4-4-2 схемасида тушиб келди, лекин ўнг қанот ҳимоясида кутилмаганда марказий ҳимоячи Андреа Барзальи ҳаракатланди. Қанотларни Дуглас Коста (ўнг қанот) ва Блез Матюди (чап қанот) эгаллади, ҳужум марказида Пауло Дибала, унинг ортидан Гонсало Игуаин жойлашди. Аммо «Ювентус» тўпга эгалик қила бошлаганида жамоа ҳимояси «ёлғон тўртлик»дан иборат экани кўриниб қолди. Барзальи ортда қолганида Алекс Сандро ўнгда унинг ўрнида югурарди.
Почеттино эса Аллегри кутганидек Эрик Ламелани эмас, Сон Хин Минни туширди ва тезкор кореялик ҳужумчи марказда, Кейн ва Алли орқароқда ўйнади. Мураббий адашмаганди, Сон Хин Мин биринчи бўлимда Барзальини кетма-кет хато қилишга мажбурлаб, дарвоза томон 5та (3таси аниқ) зарба йўллади, жамоанинг бошқа футболчилари биргалашиб йўллаган зарбалар сони 3та бўлди. Ўйиннинг 5-дақиқасидаёқ Буффон ўзини кўрсатишига тўғри келди, унинг учун бу ўйин алоҳида аҳамиятга эга эди, у мавсум якунида катта футболдан кетишини маълум қилган, унинг Чемпионлар Лигасини ютиш орзуси учун бу мавсум охирги имконият эди.
Унинг орзуси биринчи бўлимдаёқ кўмилиши мумкин бўлганди, Кейн икки марта зарба бериш нуқтасига чиқиб борди, бир вазиятда у Буффони ҳам алдаб ўтди, аммо тўп устун ёнгинасидан ўтиб кетди.
Бўлим охирида Сон Хин Мин барибир мақсадига эришди ва ҳисобни очди.
«Ювентус» биринчи бўлимда «шпорлар» дарвозасига битта ҳам зарба йўлламади, туринликларнинг энг яхши имконияти ўйин бошида, ҳали ҳисоб 0:0 бўлиб турганида юзага келганди. Дуглас Коста тўп билан рақиб жарима майдонига кириб борганида Ян Вертонген унинг оёқлари остига ташланди, бразилиялик футболчи йиқилди, аммо ҳакам пенальти белгиламади. Чемпионлар лигасида видеоҳакамлар ҳали жорий этилмаган, шу туфайли Марчиняк бу вазиятда ўзи қарор қилиши керак эди. Видеотакрорлар ўйиннинг бу энг баҳсли вазиятида Марчиняк хато қилганини тасдиқлай олмади, шу билан бирга унинг хато қилганини ҳам исботлай олмади. Баъзида VAR ҳам ожиз қолади.

«Ювентус»нинг 3 дақиқаси
Туринда ҳам шундай бўлганди: «Кекса синьора» илк 30-35 дақиқада тўла устунлик қилган, аммо ғалабага эриша олмаганди. Энди ўринлар алмашди, «Тоттенҳэм» рақибни барча жабҳаларда ортда қолдирди ва иккинчи бўлим ўрталаригача барча лондонликлар устунликни хотиржамлик билан сақлаб қолиб, чорак финалга чиқишини кутаётганди.
Аммо Аллегрининг ўйинчи алмаштиришлари ўзини оқлади: ҳавбек Матюди ва ҳимоячи Бенатиа ўрнига қанот футболчилари Асамоа ва Лихтштайнер туширилди. «Тоттенҳэм» рақибнинг тактик ўзгаришларини англаб улгурмасидан икки гол ўтказди. Аввалига Асамоанинг кесиб берилган пасидан кейин Дибалада голли вазият юзага келди. Бир дақиқа ўтиб Лихтштайнер бошлаган ҳужум Игуаиннинг голи билан якунланди.
Игуаин иккинчи гол урилган вазиятда тўпни эгаллагач, ўзи билан икки ҳимоячини банд қилди ва Дибалани дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқарди, Пауло эса Льорисни ожиз қолдирди.
Икки ҳолатда ҳам «шпорлар»нинг ҳимояси «Беневенто» ёки «Кротоне» ҳимоясидан фарқ қилмасди. Майдон эгалари Игуаинни ёпа олишмади ва аргентиналик футболчи 3 дақиқада бир гол уриб, яна бир голга узатма беришга улгурди. Унинг пасини Дибала голга айлантирди. «Ювентус»да 100 фоизлик самарадорлик - 2 зарба ва 2 гол.
Туринликлар энди бу ҳисобни ўйин соатлаб давом этса ҳам ушлаб тура олишарди. «Тоттенҳэм» эса ҳамиша қаршисига «автобус қўйилганида» муаммоларга дуч келган.
«Ювентус» тушкунликни енгиб ўта олди. Вазиятлардан бирида Кьеллини рақиб ҳимоячиси оёқлари орасидаги тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. Бу вазиятда уни Буффон қуйидагича олқишлади.
90-дақиқада «Тоттенҳэм» қутилиб қолиши мумкин эди. Оффсайдда турган Кейн дарвоза тўсинини нишонга олди, лекин тўп майдонга қайтмасдан ташқарига йўл олди. Бу вазиятда ҳакам ҳуштагини чалмади - оффсайд қайд этмади, агар зарба аниқроқ бўлганида гол инобатга олинган бўларди ва баҳс-мунозаралар бошланиб кетган бўларди.

«Тоттенҳэм»ни чорак финалда кўрмаймиз. «Ювентус» ғалаба қозонди, барчасини тажриба ҳал қилди, бу жамоа биринчи ўйиндаги 10 дақиқа, иккинчи ўйиндаги 3 дақиқада ҳужум қилди. Шунинг ўзи етарли бўлиб чиқди. Буффоннинг орзуси эса ҳамон тирик.
Мавзуга оид
20:31 / 16.04.2025
«Бутун дунё ўйин тугади, деб ўйлаганди». «Реал»нинг ЕЧЛ плей-оффларидаги 5 та камбэки
12:16 / 05.03.2025
Мадрид дербисида шедевр голлар, «Арсенал»да рекорд ҳисоб. ЕЧЛда кун ўйинлари
16:33 / 21.02.2025
ЕЧЛ қуръаси: «Ливерпул»га «ПСЖ» рақиб ва Мадрид дербиси
14:28 / 28.10.2024