Жамият | 22:35 / 11.03.2018
43084
3 дақиқада ўқилади

"Поле чудес" бошловчиси Леонид Якубович Бухорода

Ўзбекистонга Россия яҳудийлар конгрессининг 50 кишидан иборат делегацияси ташриф буюрди. Меҳмонлар орасида барча севиб томоша қилувчи "Поле чудес" телекўрсатуви бошловчиси, таниқли актёр, Россия яҳудийлар конгресси аъзоси Леонид Якубовичнинг борлиги кутилмаган янгилик бўлди, дейилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Facebook саҳифасида.

Меҳмонлар борган биринчи жой вилоят ёшлар маркази бўлди, қачонлардир бу ерда Владимир Висоцкий концерт берган. Улар шу ернинг ўзида шаҳар ҳокими Карим Камолов билан учрашишди. Суҳбат давомида шаҳар маъмурияти раҳбари Бухоро, унинг бугунги кундаги тарихий аҳамияти ҳақида сўзлаб берди, шаҳарнинг жаҳон туризм марказларидан бирига айлантиришга доир режалар билан бўлишди.

Шунингдек асрлар оша бизнинг ўлкамизда юзлаб минг яҳудийлар бошқа миллат вакиллари билан елкама-елка, тинч яшашгани ва меҳнат қилишгани қайд этилди. Бугунга келиб вилоятда 500 нафар яҳудий истиқомат қилади. Россия яҳудийлар конгресси раҳбари Юрий Каннер, ўз навбатида, Бухородаги туризм соҳасида амалга оширилган ишларни юқори баҳолади ва шаҳарни "дунё пойтахтларидан бири" деб атади. Шу билан бирга, у Бухоронинг қадимий тарихий обидалари ҳақидаги илк таассуротлари билан бўлишди. Учрашув охирида томонлар совғалар билан алмашишди. 

"Ўзбекистонда урф-одатлар ва анъаналарни сақлаб қолишга бўлган бундай ёндашув жуда ёқимлидир. Бизнинг халқларимиз ўртасида ўхшашликлар кўп, - дейди Юрий Каннер. - Айнан шу ўхшашлик кўп асрлик дўстлигимизга сабаб бўлган бўлса ажаб эмас. Бухорода ҳануз яҳудийлар жамияти, 2 синагог, шунингдек 200 дан зиёд бола таълим олувчи яҳудийлар мактабининг мавжудлиги шубҳасиз одамни қувонтиради. Бу бир нарсани билдиради - ўзбек-яҳудий алоқалари янада мустаҳкамланади".

Шундан сўнг меҳмонлар Владимир Висоцкий кўп йиллар аввал концерт берган залга таклиф қилинди. Леонид Якубович қачонлардир машҳур актёр ва қўшиқчи бўлган муҳитни ҳис қилиш унга унинг саҳнасига чиқиш истагини билдирди. Шундан сўнг у ўз таассуротлари билан бўлишди.

"Инсон қандай динга эътиқод қилмасин, унда доим ишонч бўлиши муҳим, - дейди телебошловчи. - Мен Бухорода кўп йиллар илгари бўлгандим, шаҳрингизда мени ҳайратга солган нарса юзлаб, минглаб йиллар аввал қурилган обидаларнинг ҳануз илк кўринишини сақлаб қолгани бўлди. Менинг фикримча, сизлар қалбларингизда маёқ каби нур таратиб турган ишончингиз туфайли бунинг уддасидан чиққансиз".

Таъкидлаш жоизки, конгресс ҳар йили яҳудийлар яшовчи мамлакатлардан бирига саёҳат қилади ва бу сафар улар Ўзбекистонни танлашди. Делегация бу ерга Самарқанддан кейин ташриф буюрди. Улар Самарқандда ҳам шаҳардаги яҳудийлар жамияти ҳаёти билан танишишди. Россия яҳудийлар конгресси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда.

Мавзуга оид