Жаҳон | 10:16 / 13.03.2018
10759
2 дақиқада ўқилади

Мисрда инсон аъзоларини сотиш билан шуғулланувчи жиноий тўда қўлга олинди

Фото: AFP

Миср полициячилари Қоҳирада донорлик аъзолари билан савдо қилувчи шифокорлар ва воситачилардан иборат гуруҳни қўлга олдилар. Бу ҳақда “Йоум 7” нашри портали маълум қилди.  

Жиноий тўдага 7 киши кирган. Полициячиларнинг журналистларга маълум қилишича, жиноятчилар кам таъминланган, пулга муҳтож одамлар ва қочқинларни ўз тана аъзоларини сотишга ундаганлар. Бунда улар ўз жабрдийдаларини улар тана аъзолари кўчириб ўтказилишидан бош торта олмасликлари ёки полицияга мурожаат қила олмасликлари учун молиявий ҳужжатларни имзолашга мажбур қилганлар. 

Февралда ҳам Миср ҳуқуқ-тартибот идоралари инсон аъзоларини сотувчи тўда ушланганини маълум қилган.

Ўшанда маҳаллий ОАВ маълум қилганидек, жиноятчилар воситачилар орқали пулга муҳтож “донорлар”ни топишган ва уларни 25 минг Миср фунтига (1,4 минг доллар) ўз буйракларини сотишга кўндиришган. Сўнгра “донорлар” Қоҳирага олиб келиниб, у ерда ижарага олинган уйда бир неча кун яшаб, таҳлиллар топширишган. Бундай “донорлар”ни қўлга олинган шифокорлардан бири шахсий кабинетида қабул қилган. Сўнгра донорлар хусусий клиникага олиб борилганлар ва у ерда жарроҳ операция ўтказган.

Жабрдийдаларнинг айтишларича, уларга операциядан кейин 5 минг фунт (300 доллар) тўланган, қолган пулларни эса навбатдаги донор топилгандан кейингина олиш мумкин бўлган. Шу сабабли улар янги “донор”ларни топишга мажбур қилинганлар, акс ҳолда улар қолган пулни ололмаганлар.

 

Мавзуга оид