9 тонна олтин: Ёқутистонда «ёмби ёмғири»
Россиянинг Ёқутистонида олтин ёмбилар ташиб кетаётган Ан-12 юк самолёти билан нохуш ҳодиса юз берди. Самолёт ҳавога кўтарилиши вақтида ҳаво оқими унинг юк бўлимининг эшигини узиб юборган. Бунинг оқибатида учиш майдончасига олтин ёмбилар туша бошлаган. Таъкидланишича, самолёт бортида 9 тоннага яқин олтин бўлган.
15 март куни юз берган ҳодиса ҳақида Якутск аэропорти сайтида маълум қилинган. Самолёт «Нимбус» авиакомпаниясига тегишли бўлиб, унинг юк бўлими чап эшиги узилиб кетгандан кейин, экипаж аэропортга қайтишга қарор қилган. Самолёт парвоз олдидан соз ҳолатда бўлган ва техник ходимлар текширувидан ўтган. Бироқ аэропорт сайтидаги хабарда олтинлар ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.
Sakhaday.ru маълумотларига кўра, самолёт айнан олтин ёмбилар олиб кетаётган бўлган ва «Купол» кони-Красноярск йўналиши бўйича Якутск аэропортида ёниғли қуйишга қўниш билан учаётган бўлган.
Юз берган воқеа сабабли ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари учиш майдони атрофидаги ҳудудни ўраб олиб, ичкарига ҳеч кимни киритишмаган, аэропортда эса полициянинг кучайтирилган назорати жорий қилинган. Бу ҳақда гувоҳларга иқтибос келтирган ҳолда YakutiaMedia хабар бермоқда. Тахминларга кўра, самолёт, шунингдек, бриллиантлар ва платина олиб кетаётган бўлган.
Таъкидланишича, ҳар бири 20 кг келадиган 172та ёмби топилган. Бироқ барча ёмбилар топилгани-йўқлиги маълум қилинмаган.
Ҳозирда юз берган воқеа тергов қилинмоқда. РБК нашрининг ёзишича, самолётдаги қимматбаҳо юкнинг бозор қиймати 22 млрд рублни ташкил қилади.
Бу орада YakutiaMedia маълумотларига кўра, маҳаллий аҳоли қимматбаҳо металларни излашга тушиб кетган. Маълум бўлишича, олтинлар тўкилган ҳудуд майдони бир неча квадрат километрни ташкил қилади. Гувоҳларнинг маълум қилишича, одамлар ҳудуд бўйлаб қор титиб юришибди, ижтимоий тармоқларда эса олтинлар тўкилган ҳудуд белгиланган харита ҳам пайдо бўлишга улгурган.
Мавзуга оид
12:04 / 25.01.2024
Ёқутистондаги қотилликдан кейин одамлар норозилик намойишига чиқди
08:13 / 02.12.2022
Ёқутистондан Донбассга ўтовлар ва шаманлар юборилади
19:53 / 25.09.2022
«Болаларимиз яшашига қўйиб беринг!» Ёқутистонда аёллар сафарбарликка қарши намойишга чиқди
12:06 / 28.06.2022