Спорт | 15:07 / 22.03.2018
9099
2 дақиқада ўқилади

Ўша эски гап: Суперлиганинг яна бир учрашуви қолдирилди

Ўзбекистон суперлигасининг 4-туридан ўрин олган «Локомотив» ва АГМК жамоалари учрашуви бошқа муддатга қолдирилди. Бу ҳақда «темирйўлчилар» матбуот хизмати хабар тарқатди.

«Ўзбекистон миллий терма жамоаси 23 март куни Сенегал,  27 март куни эса Марокаш терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувида баҳс олиб боради. Темур Кападзе мазкур ўйинларга «Локомотив» жамоасидан 7 нафар футболчини жалб этган.  Тақвим бўйича,  29 март куни «Локомотив» Олмалиқда АГМК меҳмони бўлиши лозим эди.

Бироқ 27 март куни терма жамоа сафида ўйин ўтказадиган футболчиларнинг АГМК билан ўйинга тўлиқ кучда етиб кела олмасликларини инобатга олган ҳолда АГМК - «Локомотив» беллашуви кейинроқ муддатга кўчирилди», дейилади клуб баёнотида.

Ҳозирча, учрашувнинг қанча муддатга қолдирилгани борасида ҳеч қандай маълумотлар берилмаган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон чемпионатининг янги форматдаги кўриниши бошланганига эндигина 3 тур бўлган бўлсада, бу муддати ўзгарган биринчи ўйин эмас. Аввалроқ «Металлург» иштирокидаги ўйин муддати ҳам ортга сурилганди.

Мавзуга оид