Жаҳон | 08:45 / 28.03.2018
11743
2 дақиқада ўқилади

АҚШ телеканали мушукнинг симёғочдан туша олмаётганини 1,5 соат намойиш қилди

26 март куни АҚШнинг Аризона штати телеканали ABC15 электр узатиш линияси устунларидан бирида бир неча кундан бери Жипси лақабли мушук қолаётгани ва у устундан туша олмаётгани ҳақида хабар олган. Журналистлар воқеа жойига бориб, у ердан Фейсбук’да намойиш олиб боришган.

Кадр: ABC 15

Намойиш 1,5 соатга яқин давом этган. Мушукнинг ҳаракатларини мухбир шарҳлаб турган: мушук гоҳ осойишта ўтирган, гоҳ ухламоқчи бўлган, баъзи онларда симларда чалкашиб, пастга ағанаб тушай деган. ABC15’нинг бу эфири 500 мингдан кўпроқ одам эътиборини тортган. Томошабинлар мушук тақдиридан хавотир билдиришган. Фейсбукдаги видеога 20 мингга яқин изоҳ қолдирилган.

Намойиш вақтида бир киши узун ёғочга челакни маҳкамлаб, у ёрдамида мушукни пастга туширмоқчи бўлган. Бироқ мушук челакка тушишга қарор қилмаган.

Кадр: ABC 15

Намойиш ўрталарида фойдаланувчилар ташаббусни ўз қўлларига олиб, қутқарув хизмати рақами – 911’га телефон қила бошлашган. Натижада Финикснинг ўт ўчириш департаментига журналистлар орқали фойдаланувчиларга уларга қўнғироқ қилмасликни сўрашига тўғри келган. Ўт ўчирувчилар “вазиятдан хабардор эканликлари” ва бу ҳақда мунтазам қўнғироқлар бўлаётгани сабабли бошқа зарур қўнғироқларни ўтказиб юборишлари мумкинлигини айтишган.

Онлардан бирида тасвир йўқолиб қолиб, ўрнига қора экран пайдо бўлган. Шунда фойдаланувчилар мушук устундан йиқилиб, нобуд бўлди, деб қўрқиб кетишган. Кейинроқ тасвир яна узатилишда давом этган, бироқ энди мушук устун устида кўринмаган. Телеканалнинг маълум қилишича, мушукни нарвон олиб келиб, бир киши тушириб олган. Шу билан минглаб одамларни хавотирда ушлаб турган намойиш ҳам поёнига етган. 

Фото: Twitter/@FOX10Phoenix

 

Мавзуга оид