Ўзбекистон | 00:43 / 28.03.2018
23179
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси тақдимоти ўтказилди

27 март куни Тошкент шаҳридаги "Пойтахт" бизнес марказида Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтган  Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбирда қатнашган KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, тақдимотда ногиронлар жамоат ташкилотлари, "Ҳаракатлар стратегияси" маркази, Нодавлат нотижорат ташкилотлари ассоциацияси, БМТ Тараққиёт дастури вакиллари иштирок этишган.

Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири ижтимоий ҳимоя ҳисобланади, бу эса Ўзбекистонда яшаб келаётган 650 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган кишиларга ҳам тааллуқлидир.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш "Ногиронлиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ва "Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури" бу борада муҳим қадам бўлди. Ушбу дастурда 20 меъёрий-ҳуқуқий лойиҳаларни ишлаб чиқишда ногиронлар жамоат ташкилотларининг иштирок кўзда тутилган.

Тадбирда маълум қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 76 та ногиронлар жамоат ташкилотлари фаолият юритмоқда. Уларнинг барини жипслаштирувчи ягона ташкилотнинг мавжуд бўлмаганлиги миллий ва халқаро даражадаги ягона стратегияни ишлаб чиқиш имконини бермади.

Жорий йилнинг 21 февраль куни мамлакатимиздаги барча ногиронлар жамоат ташкилотларини жипслаштириш мақсадида Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси тузилди. Шу вақтга қадар Республика Ногиронлар жамияти директори ўринбосари лавозимида фаолият юритган Ойбек Исоқов барча иштирокчиларнинг қўллаб-қувватлаши остида,  бир овоздан Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси раиси этиб тайинланди.

Бугунга қадар 22 та ногиронлар жамоат ташкилотлари ногиронлиги бўлган шахслар муаммоларини самарали ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциациясига аъзо сифатида қабул қилинди.

Тақдимот маросимидан сўнг Г.Маҳмудқулова Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси логоси билан таништириб, унга доир маълумотлар берди. Шу билан бирга, Ассоциация таркиби аниқлаб олинди. А.Абдуҳалилов Ассоциациянинг ривожланиш стратегиясига доир маълумотлар билан бўлишди. О.Пўлатов эса "Ижтимоий ҳамкорлик ва халқаро ҳамкорлик" мавзуида тақдимот қилди. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар, давлат органлари ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ижтимоий шериклик дастури белгилаб олинди.

Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциациясининг вазифалари нималардан иборат?

  • Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасида ижтимоий шерикчиликни шакллантириш ва ривожлантириш борасида фаолият олиб бориш;
  • БМТ "Ногиронлар ҳуқуқлари конвенцияси"нинг ратификация қилиниши ва амалга ошишига кўмаклашиш;
  • Ногиронлиги бўлган кишиларнинг иш фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган давлат сиёсатининг такомиллаштирилишига доир таклифлар ишлаб чиқиш;
  • Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишларига кенг имкониятлар яратилишига кўмаклашиш;
  • Ногиронлиги бўлган шахслар билан шуғулланадиган ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ва Халқаро Ногиронлар Ташкилоти (DPI)га аъзо бўлиш.          

     

Мавзуга оид