Ўзбекистон | 01:32 / 29.03.2018
143920
3 дақиқада ўқилади

​Kun.uz фаолиятига тўсқинлик қилинди

28 март куни «Тошкент савдо маркази» (собиқ «Абу Сахий» бозори) ҳудудида Kun.uz журналисти, ижодий гуруҳ бошлиғи Хуршид Далиев, таҳририят юристи Зафарбек Солижонов ва тасвирчи ходими Фазлиддин Абдуқодиров журналистик фаолиятини амалга оширишда бозор маъмурияти ходимлари томонидан тўсқинликка учради.

Маълум қилинишича, бозор маъмуриятининг Рустам исмли ходими Kun.uz тасвирчисидан камерани тортиб олиб, камера хотирасида мавжуд барча тасвирни ўзбошимчалик билан ўчириб ташлаган. Шунингдек, хизмат гувоҳномасини кўрсатган таҳририят ходимларини мажбурий равишда бозор маъмурияти биносига киришга ундаган. Хизмат вазифасида бўлган мухбирлар бозор маъмуриятига қарашли бинода жисмоний ва руҳий тазйиқларга учраган. Ушбу ҳолатда бозор маъмурияти ходимлари ва мухбирлар ўтирган хонага ички ишлар ходимлари (ҳудуд инспектори бўлиши мумкин) кириб келиб, вазиятга ҳеч қандай муносабат билдирмади. Бундан ташқари, Тоҳир исмли шахс мухбирларни ноқонуний тинтувдан ўтказди. 

Бозор маъмурияти биноси

Гап шундаки, ижодий жамоа Kun.uz таҳририятига келиб тушган мурожаатни батафсил ўрганиш учун воқеа жойи, яъни «Тошкент савдо маркази» бозор комплексига ташриф буюрганди. Журналист Далиевнинг таъкидлашича, камера ва диктофон хотирасидан ўчириб ташланган ёзувларда тадбиркор билан суҳбат жараёни ёзиб олинганди. Мазкур бозорнинг республикадаги ижтимоий ва иқтисодий ўрни инобатга олиниб, жамоатчилик назорати ҳамда соф журналистик тамойилларга асосланиб иш олиб бораётган мухбирлар маъмурият билан суҳбатлашишни ҳам режалаштирганди.

Мухбирларнинг айтишича, бозор маъмурияти савдо комплекси хусусий мулк эканлигини таъкидлаб, бу ҳудудда суратга олиш мумкин эмаслигини билдирган. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz «Тошбозорсавдо» уюшмаси вакили билан телефон орқали суҳбатлашди.

Уюшма ходимининг таъкидлашича, «Тошкент савдо маркази» бозор комплекси ҳақида уюшмада маълумот мавжуд эмас. Айни пайтда «Тошбозорсавдо» уюшмасига давлат улуши 51 фоиз ёки ундан ортиқ бўлган бозорлар аъзо сифатида қабул қилинган. 

Kun.uz ходимлари бундай тазйиқларга қарамай ўз фаолиятини сидқидилдан бажариш йўлидан оғишмайди. Мақсадимиз - халқнинг дардига қулоқ тутиш, унинг муаммоларини кўтариб чиқиш, бу билан уларни ҳал қилиш йўлларини излашдир.​ 

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида эл-юртимизнинг эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқариш, бу йўлда ғов бўлиб турган турли тўсиқларни, бюрократизм, лоқайдлик, тамагирлик, коррупция каби салбий иллатларни дадиллик билан кўтариб чиқиб, уларга қарши муросасиз жамоатчилик фикрини шакллантиришни ўз касби, ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган журналистлар ҳақиқий журналист эканини эътироф қилганди.​

Мавзуга оид