Тожикистон Kun.uz нигоҳида: Самарқанд — Душанбе сафаридан репортаж
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида дўстона алоқалар қайта тикланиб, икки мамлакат фуқаролари 30 кунгача визасиз кириб-чиқиш тартиби жорий этилгач, қардош халқларнинг борди-келдиси кўпайди.
Наврўз айёмида Самарқандда тожикистонлик кўплаб туристларни кўриб хурсанд бўлган эдик. Тожикистонлик фуқаролар пойтахтимиз Тошкентгача ўз шахсий машиналарида келиб, айланиб кетишмоқда.
Икки давлат ўртасидаги келишув амалда қандай ишлаётганини кўриш учун, Kun.uz таҳририяти топшириғига кўра Тожикистондан репортажлар тайёрлаш учун мен ва ҳамроҳим, тасвирчи-оператор Маъруфжон Асқаров Тожикистон Республикасига хизмат сафарига жўнадик.
Самарқандда ишларимизни тугатгач, соат 16:00 ларда Ургут туманидаги «Жартепа» назорат-ўтказиш пунктига келдик.
Ҳужжатларимизни кўриб чиқишди, муҳр босишди, машина ва юкларимизни текширувдан ўтказишди — буларнинг барчасига 20 дақиқача вақт кетди.
Бу бундан ҳам тезроқ бўлиши мумкин эди. Лекин мендан аввалроқ навбатда турган тожикистонлик аёл Самарқанд нонларидан кўпроқ олган экан, божхоначиларимиз «белгиланганидан ортиғини ташлаб кетасиз, қоида шуни тақозо этади», деб туриб олишди. Меҳмон аёл «уйимда маъракам бор, меҳмонлар келади, шунга олувдим», дейди қисиниб.
Менга навбат етгунча уларнинг тортишувини қалбим оғриганча анча кузатиб турдим, кейин мени «ака, сиз кутиб қолдингиз», деб улардан ҳам олдинроқ текшириб ўтказиб юборишди. Воқеа нима билан тугаганини билмай қолдим.
Тожикистондаги «Саразм» чегара постида эса 5 дақиқа ҳам вақт кетмади. Ўта хушмуомалалик билан кутиб олишди, паспорт назорати, машинанинг техник паспортидан нусха кўчиришди, ташриф сабабини сўрашди ва журналист эканлигимни билишгач, «Хуш омадед! Роҳи сафед» деб кузатиб қўйишди. Шахсий автомашинасида ўтадиганлар учун 50 АҚШ доллари атрофида қандайдир тўлов борлиги ҳақида эшитгандим. Уни биздан сўрашмади. Мен ҳам сабабини сўраб ўтирмадим.
Назорат ўтказиш пунктидан чиқишимиз ҳамоно ойнадек текис, четлари ҳафсала билан чизилган асфальт йўлга чиқдик. «Байрам, қолаверса чегара очилиши муносабати билан яхшилаб асфальт қилишипти-да, қўшниларимиз», деб ўйладик. Чунки, «Жартепа»га боргунимизча биз томондаги йўлнинг ҳам ўйдим-чуқур жойлари ямаб чиқилган экан.
Бироқ ораста Панжакентда ҳам тугамаган ушбу сифатли йўлнинг Душанбе шаҳригача деярли узилмасдан келгани бизни ниҳоятда ҳайратлантирди. Фақатгина тоғнинг энг баланд қисмидаги, бир-икки ҳафта муқаддам ҳам қор остида бўлган йўлларда бироз бузилган жойлар бор экан.
Умуман, Панжакентдан келадиган йўлнинг Хўжанд – Душанбе йўлигача бўлган қисми ниҳоятда сифатли қилиб асфальтланган. Вей, оддий тоғ қишлоқларининг ичи ҳам шунақа асфальтланадиган бўлса, қишлоқнинг шиферлари ва деворлари бўялмаган бўлса ҳам обод кўринар экан. Демак, биз ҳам биринчи навбатда қишлоқ жойларимизда йўлларнинг сифатини оширишга эътибор қаратишимиз керак экан, деган хулосага келдим.
Панжакент туманида тоғ қишлоқлари жуда чиройли табиати билан бизни йўл бўйи мафтун этди. Тоққа ўрмалар эканмиз, Зарафшон дарёсининг энг юқори қисмларидаги зилол сув кўзимизни қувнатди. Тоғдаги қишлоқлар ичида тезлик чегараланган — 40 км/соат.
Денгиз сатҳидан 3372 баландликда ўтувчи Анзоб довонига элтувчи Хўжанд – Душанбе йўлида катта юк машиналари ҳам кўп қатнар экан. Улар меъёрдан ортиқ юк ортгани албатта йўлларнинг сифатига бироз путур етказган.
Довонда узунлиги 5 км ва 1,5 км келадиган иккита туннел бор экан. Бундан ташқари, довон йўлида (ҳисобдан ҳам адашиб кетдим) йигирмадан зиёд узун ва калта галереяли тунеллар барпо этилган бўлиб, улар биринчи навбатда йўлларни сел тошқини, тош кўчиши ва қор кўчишидан асраш учун қурилган.
Тожикистонда йўллар пуллик. Икки бор пул тўладик. Дастлаб 21 сомоний, кейин эса 3 сомоний. 1 сомоний Ўзбекистон валютасига 925 сўм атрофида бўлар экан. 95 маркали бензин бизнинг пулимизга 6400 сўм, 92 маркалиси эса 6050 сўм атрофида сотилмоқда. Тоғ йўлларида ҳам кўплаб АЁҚШлар хизмат кўрсатмоқда.
Душанбега яқинлашаётиб йўлларда икки бор ДАН ходимларига кўзимиз тушди. На радар, на камера бор. Йўлларда бирорта назорат пости йўқ.
Чегарадан 245 км йўл босиб, Душанбе шаҳрига қарийб 5 соатда, соат 21:00 атрофида кириб келдик. Дастлабки ишимиз, бирор меҳмонхонага жойлашиш бўлди. Шаҳарни умуман билмаймиз. Чеккароққа тўхтаб, маҳаллий йигитлардан биридан ёрдам сўрадик. У эринмасдан йўлни тушунтирди ва машинамизга кўзи тушиб, «Ўзбекистонданмисизлар? Сизларни бу ерда кўриб турганимдан жуда хурсандман, хуш келибсизлар», деди. Бундай мулозаматдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Ҳа, Тожикистон бизни жуда илиқ қарши олди!
Ҳа-я, меҳмонхонага келганимизда, бу ерда яна бир самарқандлик меҳмонлар келиб жойлашганига гувоҳ бўлдик.
Энди Душанбе шаҳри бўйлаб сайрга чиқамиз, репортажлар тайёрлаймиз, одамлар билан гаплашамиз ва албатта кейинроқ видеоҳисобот эътиборингизга ҳавола этилади. Навбатдаги репортажимизни кутинг. Ҳозирча шу...
Шуҳрат Шокиржонов, Маъруфжон Асқаров.
Мавзуга оид
19:32 / 31.10.2024
Тожикистон президенти ижтимоий тармоқлардаги «лайк» учун одамларни таъқиб қилмасликни талаб этди
14:16 / 31.10.2024
Тожикистонда Counter Strike ва GTA видеоўйинларини тақиқлаш таклиф қилинди
15:00 / 19.10.2024
Тожикистонда КХШТ машғулотларининг фаол босқичи бўлиб ўтмоқда
22:55 / 12.10.2024