Жон Кеннедининг махфий харитаси сотувга қўйилди
АҚШнинг собиқ президенти Жон Кеннедининг Кариб инқирози вақтида Кубада совет ҳарбий объектларининг жойлаштирилиши акс этган махфий харитаси АҚШда сотувга қўйилди. Таъкидланишича, АҚШ бу объектларга зарба бермоқчи бўлган.
Тарихий ҳужжатлар ва ноёб буюмларни сотишга ихтисослашган RR Auction аукцион уйининг маълум қилишича, сотувга қўйилган харитада 1962 йил 27 октябрь санаси қўйилган. Харитада Кубада собиқ иттифоқ ҳарбий объектлари, жумладан МиГ қирувчи самолётлари, Ил-28 бомбардимончилари, “Комар” синфидаги ракета катерлари, Р-12 баллистик ракеталари, “ер-ер” ракеталари ҳамда ядровий омборлар жойлашишиши акс этган.
Аукцион уйининг эслатишича, 1962 йил 27 октябрь Кариб инқирозидаги энг хавфли кун бўлган ва тарихга “қора шанба” номи билан кирган. Аукцион уйининг харитага илова қилган ҳужжатида айтилишича, харитада ўшанда Кеннеди зарба беришга рухсат берганда бомбалар ташланадиган 9 та нишон кўрсатилган. АҚШ ва собиқ иттифоқ етакчиларининг 28 октябрга ўтар кечаси келиша олганлари туфайли инқирознинг янада авж олиши олди олинган ва “харитадаги қуроллар Кубадан олиб чиқиб кетилган”.
Елим тасма билан бирлаштирилган икки қисмдан иборат картага “Махфий” белгиси қўйилган.
Маълум қилинишича, 20 йил аввал харита унинг ҳозирги эгасига Кеннеди маъмуриятидаги мудофаа вазири Роберт Макнамара томонидан берилган. Макнамара ўз навбатида бу харитани шахсан Кеннедининг ўзидан совға сифатида олган. Кеннеди бу харитани “ғалаба харитаси” деб атаган, чунки у инқирознинг ҳал қилувчи онларини унинг устида ўтказган ва собиқ иттифоқнинг Кубадаги позицияларига зарба беришни талаб қилган ҳарбийлар босимига учрамаган.
Онлайн-аукцион тарзида ўтаётган савдолар 6 апрелда бошланди. Хаританинг дастлабки нархи 20 минг долларни ташкил қилади. Нарх бўйича таклифлар 11 апрель соат 18.00гача қабул қилинади.
Мавзуга оид
22:01 / 22.11.2023
ХХ асрнинг энг шов-шувли қотиллиги – АҚШ президенти Жон Кеннеди қандай ўлдирилганди?
16:40 / 29.06.2023
Кариб инқирози. 60 йил олдин дунё қандай қилиб ядро уруши ёқасига келиб қолганди?
13:07 / 22.11.2020
Асрнинг сирли қотиллиги – Жон Кеннеди ўлими ортида ким турганди?
20:20 / 19.10.2018