Жамият | 22:40 / 11.04.2018
92396
2 дақиқада ўқилади

Наманганлик чемпион бола оғир аҳволда

Фарзанд неъмати ота-она учун Яратганнинг энг бебаҳо инъомидир. Болангизга бир зирапча кирса, жонингизни беришга тайёрсиз. Хаста бўлса-чи? Дунё кўзингизга қоронғу бўлади. Ҳеч қаерга сиғмай кетасиз. Бироқ бу ҳаёт ва унинг биз учун кутилмаган синовлари бисёр.

Орамизда фарзанди хасталаниб, Яратгандан нажот ва умид кутаётганлар анчагина. KUN.UZ сайтига Қосимов Сардорбек ҳақида унинг дўстлари мактуб йўллади. 

Наманганлик 11 ёшли Сардорбекка кўпчилик ҳавас қилар эди. Аъло баҳога ўқиб, чемпион бўлган Сардорбек кутилмаганда оғир хасталикка чалинди. Ота-онаси елиб югуриб, керакли муолажаларни қилишди. Бироқ дардга даво топилмади. Шундай бўлса-да, Сардорбек таслим бўлгани йўқ. Ота-онаси умидини ҳам узгани йук. Наманганга сафаримиз давомида Сардорбекни кўргани бордик. Хонадонга борганимизда бизни Сардорбекни парваришлаётган бувиси кутиб олди.  

“Каратедан Чемпион бўлди. Аъло баҳога ўқиб юрганди. Ўтган йили кўзи хиралашди. Шундан билиб қолдик. Шифокорларга мурожаат қилдик. Бошида ўсимта бор деди. Икки марта Тошкентда операция бўлди. Бироқ шифо топмади. Ҳозир хориждан шу касаллик бўйича тажрибали шифокор профессорга мурожаат қилганмиз. Келиб, операция қиладиган бўлди. Фақат маблағдан қийналяпмиз. Қизим ва куёвим ишлаяпти. Мен болага қараяпман” дея кўзига ёш олди Сардорбекни бувиси.

Сардорбек қалбимизни эритиб юборди. Кўнглимиздан унга ёрдам бериш истаги ўтди. Ҳали имкон бор. Уни сақлаб қолиш мумкин. У яна оёққа туриб кетишига ишонамиз. Сардорбек ҳали Наманганнинг ифтихори, Ўзбекистоннинг ғурури бўлади. 

Азизлар, келинг, бир ғайрат қилайлик! Қўлимиздан келганича моддий ёрдам берайлик. Ҳеч бўлмаганда дуо қилайлик!

Мавзуга оид