Жаҳон | 17:33 / 11.04.2018
45678
2 дақиқада ўқилади

«Россия Америка кемаларига ҳужум қилиши мумкин»

Фото: Reuters

Россия агар АҚШ Сурияга ракета зарбалари йўлласа, жавоб қайтариш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳақда Россиянинг Ливандаги элчиси Александр Засипкин шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига тегишли «Ал-Манар» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган.

У Москва томони Сурияга ракеталар учиришда фойдаланилиши мумкин бўлган ҳарбий объектлар, жумладан, эсминецларни нишонга олишдан қайтмаслигини қўшимча қилиб ўтган.

Ливандаги дипломатик миссияга бундай баёнот бериш ваколатини ким тақдим этганига аниқлик киритилмаган.

Россия Федерацияси Ҳарбий доктринасида қайд этилишича, «Тинчлик вақтида ҳарбий куч қўллаш қарори федерал қонунчилик асосида фақат Россия Федерацияси президенти томонидан қабул қилиниши мумкин». 

11 апрель куни The New York Times газетаси АҚШ президенти ва унинг маслаҳатчилари Сурияга зарба бериш имкониятларини ўрганиб чиқишгани ҳақида хабар тарқатди. 

АҚШ ҳарбийлари мамлакат президенти Дональд Трамп тасдиқлаши учун Сурияга зарба беришнинг бир нечта вариантини тақдим этди. Улар бир кундан ортиқ вақт давомида бир нечта нишон бўйича ёппасига ракета ҳужумини кўзда тутмоқда. 

Нашрнинг таъкидлашича, Трамп маслаҳатчилари билан бирга зарба бир йил аввал Хомс вилоятига берилган зарбадан кўпроқ бўлиши керак, деган хулосага келган. Оқ уй ўтган йилги каби ҳужум расмий Дамашққа етарлича таъсир кўрсатмайди, деган хулосага келган (Бир йил аввал америкаликлар Сурия ҳарбий аэродромига «Томагавк» классидаги 59 та ракета билан зарба берган эди).

Вашингтондагилар Сурия ҳукуматини Шарқий Ғутада кимёвий газ ҳужуми уюштирганликда айбламоқда. Расмий Дамашқ ўзига қаратилган барча айбловларни рад этмоқда. Россия АҚШни Сурияга ҳужум қилишнинг оғир оқибатларидан огоҳлантирган.

Бироз аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Россияни Сурияга қилинадиган кенг кўламли ҳужумга тайёрланишдан огоҳлантирганди.

Мавзуга оид