Жаҳон | 15:43 / 14.04.2018
22970
2 дақиқада ўқилади

Анқара аввалдан хабардор этилди - Туркия

Фото: Анадолу

Анқара Башар Асад режимига қарши ҳарбий амалиёт ҳақида аввалдан хабардор этилган. Бу ҳақда Туркия бош вазири ўринбосари Бакир Бўздоғ маълум қилди.

Бўздоғнинг таъкидлашича, президентлар Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Дональд Трампнинг кўрсатмасига мувофиқ, Суриядаги ҳарбий амалиёт арафасида Туркия ҳамда АҚШ Бош штаблари бошлиқларининг мулоқоти бўлиб ўтган.

Шу билан бирга, бош вазир ўринбосари Сурияга берилган сўнгги зарбалар давомида «Инжирлик» авиабазасидан фойдаланилмаганини айтди.

Бўздоғнинг сўзларига кўра, Сурия можаросига ечим топиш учун кескинлик сиёсатидан воз кечиш ва мулоқотга бор эътиборни қаратиш даркор. Бошқа йўллар қон тўкилишига олиб келади, деб қайд этиб ўтди бош вазир ўринбосари.

«Анқаранинг Сурия бўйича позицияси тушунарли. Туркия Башар Асад режими, кимёвий ҳужум ва қуролнинг оддий турлари қўлланилишига, қуролли тўқнашувлар, одамларнинг ҳалок бўлиши, сурияликларнинг қочқинларга айланиши, шунингдек турли террорчиларга қаршидир», - дея айтиб ўтди Бўздоғ.

Бош вазир ўринбосарининг ишонч билдиришича, ракета зарбалари Сурия муаммосига ечим топишга ҳеч қандай ҳисса қўшмайди. «Аниқки, Сурияга сўнгги ракета зарбалари бу мамлакат муаммосига ечим топишда ёрдам бермайди», - дея айтиб ўтди Бўздоғ.

Мавзуга оид