Жамият | 12:20 / 16.04.2018
17281
7 дақиқада ўқилади

Почтачиликдан ёзувчиликкача. Чингиз Айтматов ҳаётидан хотиралар

Фото: Sputnik

Буни ҳаёт дейдилар. Бу ҳаётда баъзан одам ўзи хоҳламаган ишни ҳам қилишга мажбур бўлади. Айниқса, халқ бошига оғир кунлар тушганда қалбнинг, юракнинг хоҳиши билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Аслида тинч, осойишта замонда хат ташувчини кўрганда уни хуш кайфият билан кутиб олиш, раҳмат айтиб кузатиш оддий ҳол. Аммо даҳшатли уруш гирдобида фарзандлари, турмуш ўртоғи ёки отасининг соғ-омон қайтишини Худодан ёлвориб сўраб турган одамлар почтачини кўрганда Азроилни кўргандан ҳам ёмонроқ аҳволга тушишгани тайин. Чунки у пайтларда почтачиларнинг асосий иши «қорахат» ташиш бўлган. Кўплаб гўзал асарлар муаллифи, нафақат қирғиз халқининг, балки жаҳон китобхонларининг меҳрига сазовор бўлган ёзувчи Чингиз Айтматов уруш йиллари, ўсмирлик пайтлари почтачи бўлиб хизмат қилган. Инсон қалбининг билимдони, мутафаккир адиб айни шу пайтларда юрагидан нималарни ўтказди экан-а?..

Ёзувчининг болалик хотираларида уруш йиллари Шакер овулида почтачилик қилгани ва солиқ йиғувчи «финагент» бўлиб ишлагани жуда таъсирчан ифодаланган: «Овулдан бирор оилага қорахат келса, оқсоқоллар олдига бориб, уларга тушунтирар эдик,— деб ёзади адиб.— Улар аввал ҳалок бўлган кишининг қариндошларини чақириб, бўлган воқеадан хабардор қилиб, ўзаро маслаҳатлашгач, сўнг мени эргаштириб, марҳумнинг уйига боришарди. Мен оила аъзоларига қорахатни ўқиб берардим... Овулимиздагилар мени яхши танишарди. Улар менга ёмонликни раво кўришмасди, кимгадир қорахатни топширмоқ, ўлимнинг совуқ хабарини етказмоқ зиммамга юкланган вазифа эканини тушунишарди. Аммо, гоҳида ўз ишим билан кўчаларидан ўтиб бораётган бўлсам ҳам аёллар мени кўриб уввос солишарди: «Яқинлашма бизникига, йўқол қоранг ўчгур. Қани, даф бўл-чи!» деб қарғашарди.

«Тарихнинг нотантилиги шундаки, — дейди адиб яна бир ўринда, — инсоният тарихида бўлиб ўтган не-не қирғинбарот урушларнинг миллион-миллион қурбонлари, қатлиомларнинг бегуноҳ жабрдийдалари унут бўлиб кетади. Унут бўлиб кетди ҳам. Ҳар қандай уруш, энг аввало, тинч аҳоли бошига беҳисоб кулфатлар, азоб-уқубатлар олиб келади. Уруш келиб чиқишига мутлақо алоқаси бўлмаган бегуноҳ кишиларнинг, норасидаларнинг ёстиғи қурийди. Афсуски, бу қурбонлар халқ хотирасида умумий бир тарзда қоладилар, холос. Гитлер, Наполеон, Македонский ва шунга ўхшаш катта-ю кичик фотиҳлар эса тарихда қолади. Нима учун шундай? Нима учун биз ўша қурбонларнинг ҳар биттаси ҳақида қайғурмаймиз? Улар ичида Ватан, миллат тақдирини ҳал қилишга қодир буюк истеъдодлар, улуғ саркардалар ҳам бўлиши эҳтимоли тўғрисида ўйлаб кўрмаймиз? Бунинг мутлақо иложи йўқ. Урушнинг энг катта даҳшати ҳам шунда».

Уруш ва унинг инсониятга солган жабри ҳақида кўплаб асарлар ёзилган, фильмлар суратга олинган. Аммо Чингиз Айтматов каби инсон қалбининг билимдони, китобхоннинг ўй-фикри-ю, юрагини ларзага сола оладиган адиблар кам.

Ёзувчини таниганлар у суҳбатдошларининг фикрини диққат билан тинглайдиган, саволлар нечоғли мураккаб бўлмасин, бирортасини ҳам жавобсиз қолдирмайдиган инсон бўлганини айтишган. У ҳар қандай вазиятда ўзининг мустақил фикрини айтган. Айтганда ҳам ишонтириб, далиллаб айтган. Ўринсиз тортишиш, ҳис-ҳаяжонга берилишни ўзига эп кўрмаган.

Таниқли олим К.Асаналиев шундай ёзади: «Чингиз Айтматов ўз сўзига, ижодига ёлғон аралаштирмаган, қаҳрамонларига ҳеч қачон ёлғон бир сўз ҳам демаган, ҳақиқат қанчалик оғир бўлмасин, уни таг-тугигача айта олган ёзувчилар сирасига киради. Шу жиҳатдан олиб қараганда, у аёвсиз чинчи (ҳақиқатчи), ростгўй ёзувчи. Қаҳрамонларига нисбатан аёвсизлиги ёзувчига хос оқ ниятдан келиб чиқади».

Чингиз Айтматовнинг ўзи бу ҳақдаги хотираларини шундай баён қилган экан: «Қишлоқ хўжалик институтида ўқиб юрган кезларимда газеталар учун жуда кўп мақолалар ёзганман. Ёшлар ҳаётига оид бир қатор муаммоларни дадил кўтариб чиқар эдик. Газеталарда босилаётган мақолаларнинг саёзлиги, қуруқ, ҳеч кимга кераксиз гаплардан иборатлиги мени ажаблантирарди. Бунақада газеталарни ҳеч ким ўқимай қўйиши мумкин-ку, дея хавотирга ҳам тушардим. Шуларни ўйлаб, одамларни қизиқтира оладиган фактларни тўплаб, мақола ёзишга киришганман. Баъзан яхши чиқарди, баъзан эса айтмоқчи бўлган фикримни ифода эта олмай қийналардим».

Адибнинг фикрича, «китоб, катта адабиёт бевосита ўз функциясини бажаради, аммо публицистика, журналистикада бутунлай бошқача ҳолат. Бу нарса жамият ҳаётида кескин ўзгаришлар юз бераётган бир пайтда, айниқса, яққол кўзга ташланади. Бундай шароитда публицистика бадиий адабиётдан кўра ҳам кўпроқ, масъулиятлироқ  вазифани бажара олади».

Хулоса шуки, «Асрга татигулик кун», «Қиёмат», «Оқ кема», «Жамила» каби кўплаб гўзал асарлар муаллифи Чингиз Айтматов ўз навбатида қалами ўткир журналист, сўзи кескир публицист ҳам бўлган. Шуниси эътиборлики, у мақола, очерк ва фелъетонларида кўтарилган муаммоларни кейинчалик бадиий асарларга айлантиради. Масалан, машҳур чорвадор Телегей Алмамбетовна ҳақидаги очерк қаҳрамонининг образи «Момо ер» повести қаҳрамони Тўлғаной тимсолида, «Чўпоннинг янги ўтови қани?» танқидий мақоласидаги маиший муаммо «Алвидо, Гулсари»да, «Бу сизнинг айбингиз, ҳамқишлоқлар» очиқ мактубидаги ачинарли воқеа «Сарвқомат дилбарим» асарида ўз аксини топган.

Шундай қилиб, уруш йиллари одамларга «Қорахат» ташиб юрган почтачи юрагидаги нафақат ўз миллати, балки умуминсониятга бўлган меҳри, бой тафаккури ва ҳақсўзлиги туфайли умрбоқий ижодкорга айланди. Зотан, ёзувчининг умри у яшаган йиллар билан эмас, китоблари яшаган асрлар билан ўлчанади.

Ситора Тожиддинова

Мавзуга оид