Ўзбекистон | 19:40 / 21.04.2018
13848
7 дақиқада ўқилади

Илғор технологиялар маркази ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Илғор технологиялар марказини ташкил қилиш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар Академияси хамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг «Юқори технологиялар ўқув-экспериментал маркази» Давлат корхонасини Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказига айлантириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Илғор технологиялар марказининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

фундаментал, амалий илмий тадқиқотларни ўтказиш ва илғор технологиялар бўйича инновацион ишланмаларни амалга ошириш;

дунё талаблари ва стандартлари даражасида мақсадли илмий-техник ва инновацион дастурларни бажариш, ишлаб-чиқариш корхоналарида тадқиқот-синов ишларини бажаришга кўмаклашиш;

олимлар ва тадқиқотчиларни ҳамкорлик қилишга жалб этиш учун зарурий шароитларни яратиш, илмий ҳажмдор маҳсулотлар ва рақобатбардош маҳаллий инновацион технологияларни яратиш мақсадида фан, таълим ва ишлаб-чиқаришнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш;

иқтисодиёт соҳасида илмий ва олий таълим муассасаларининг янги истиқболли ғоялари ва инновацион ишланмаларини шакллантиришга кўмаклашиш, ускуналар ва инфратузилмадан ҳамкорликда фойдаланиш асосида юқори технологик инновацион ишлаб чиқаришларни ҳар томонлама кўллаб-қувватлаш;

академик, олий таълим ва тармоқ фанлари билан ҳамкорликнинг самарали шаклларини ривожлантириш, ҳамкорликда илмий-тадқиқотларини бажариш;

халқаро даражада патентлаш имкониятига эга бўлган илмий ҳажмдор ва илғор технологияларни яратиш, янги инновацион маҳсулотларнинг намуналарини макетлаштириш, моделлаштириш, тайёрлашда ва уларни текширишда иштирок этиш;

ёш олимлар томонидан илмий тадқиқотлар ўтказишнинг замонавий, дунё амалиётида илғор бўлган усул ва технологияларини ўзлаштиришлари мақсадида илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият учун кулай шарт-шароитлар яратиш;

маҳаллий ва хорижий илмий ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда, шу жумладан инновацион фаолиятни ташкил этиш ва бошқариш, технологияларнинг трансфери ва интеллектуал мулк объектларини коммерциализациялаш масалалари юзасидан илмий конференциялар, семинарлар, тренинглар ва маҳорат дарсларини ташкиллаштириш;

илмий фаолиятни натижадорлигини ошириш ва илмий тадқиқотларни ташкил этишнинг янги шаклларини кўллаб-қувватлашга қаратилган янги услубий ишланмаларни амалиётга жорий қилиш учун информацион-коммуникацион технологияларининг имкониятларидан кенг фойдаланиш;

халқаро илмий-техник ҳамкорлик шаклларини ривожлантиришда иштирок этиш, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда илмий-техник ва инновацион лойиҳаларни, шу жумладан халқаро дастурлар ва жамғармаларнинг грантларини жалб этган холда бажариш.

Белгилаб қўйилишича:

Илғор технологиялар маркази давлат илмий муассасаси шаклидаги юридик шахс бўлиб, давлат тилидаги номи ва Ўзбекистон Республикасининг герби тасвири туширилган муҳрига ва бланкларига, мустақил балансига, банкларда ҳисоб рақамларига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилигида ғазна ҳисоб рақамларига эгадир;

Илғор технологиялар марказининг директори инновацион ривожланиш вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Илғор технологиялар маркази ходимларига лавозим маошлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг илмий муассасаларидаги тегишли лавозимларга белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади;

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги:

Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Фанлар Академияси ва иқтисодиёт реал секторининг корхоналари — истиқболли буюртмачилар билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Илғор технологиялар марказининг 2018-2020 йилларга мўлжалланган илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни киритади;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқарув академияси, Фанлар Академияси билан биргаликда икки ой муддатда «Инновацион менежмент» ва «Инвестицион лойиҳаларни бошқариш» фанлари бўйича махсус ўқув дастурларини яратиш ва Давлат бошқарув академиясида раҳбар кадрларининг малакасини ошириш бўйича ўқув режаларига жорий этишни таъминлайди.

Илғор технологиялар маркази фаолиятининг молиявий манбалари этиб куйидагилар белгиланди:

бинолар, хоналар ва иншоотларни сақлаш бўйича харажатларни молиялаштириш ҳамда Илғор технологиялар маркази ходимларининг ушбу қарорда белгиланган умумий штат бирликлари доирасида меҳнатига ҳақ тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;

Илғор технологиялар марказининг фаолиятига мос йўналишлар бўйича хўжалик шартномаларини бажариш асосида олинган маблағлар;

хайрия қилувчилар — юридик ва жисмоний шахслар, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг ўрнатилган тартибда бериладиган маблағлари;

халқаро молиявий ташкилотлар ва институтларнинг грантлари ва кредитлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирига куйидаги ҳуқуқлар берилди:

зарур ҳолларда, Илғор технологиялар марказининг ташкилий тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий штат бирлиги ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартишлар киритиш;

Илғор технологиялар маркази ходимларининг лавозим маошларига (тариф ставкаларига) асосий эгаллаб турган лавозими бўйича, қонунчиликда кўрсатилган бошқа қўшимчалар ва устамалардан қатъий назар Илғор технологиялар марказининг ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан устамалар белгилаш.

Илғор технологиялар марказига беғараз асосда:

Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Талабалар шаҳарчаси, За-уй манзилида жойлашган Юқори технологиялар марказининг биноси, иншоотларини унга туташ ҳудуд билан биргаликда оператив бошқарув ҳуқуқи билан;

Юқори технологиялар марказининг лаборатория ускуналари, мебель, компьютер техникалари ва бошқа мулклари берилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташки ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг буюртманомаларига биноан Марказга ишга жалб этиладиган хорижий мутахассисларга ўрнатилган тартибда кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштиришни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг буюртманомаларига биноан Марказга ишга жалб этиладиган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик кириш визалари берилиши ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вактинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини давлат божи ундирилмасдан таъминлайди.

 

Мавзуга оид