Жамият | 22:09 / 22.04.2018
85986
5 дақиқада ўқилади

«Фонограмма​» навбати Навоийга: рамзий калит бор, уй эса йўқ

Ўксик қалбни шод айлаш вайронага айланган жойни обод этганчалик қадрланади. Ҳаётнинг катта-кичик ташвиши, турмушнинг қийинчиликлари олдида ожиз қолган инсон кимнингдир яхши сўзи ёки ёрдамига муҳтож бўлади. Орамизда «Ҳар ким аравасини ўзи тортсин-да» қабилида муносабат билдирилганда ҳам Ўзбекистонда ҳақиқий демократия қандай қурилиши лозимлигини Шавкат Мирзиёев кўрсатди.

Гап шундаки, президент ташаббуси билан оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби ишлаб чиқилди.

Тегишли ҳужжат эълон қилиниши билан интернет нашрлар, ЎзМТРК, босма ОАВ вакиллари тинмай мана шу ташаббус ҳақида турли мазмундаги материалларни эълон қилди. Ҳар бир кишини хурсанд қилувчи шундай қарорлар ҳудудларда бирдек ижро этилмаётгани ҳақида бундан олдин хабар қилгандик. Энди «фонограмма» навбати Навоий вилояти Нурота туманига етибди...

Вояга етмаган қизлари билан ижара асосида олинган уйда (аслида яшаш учун шароит ҳам бўлмаган, номига бир «уй») яшаб келаётган Маҳбуба Тоғаева ҳам ҳукумат марҳамати билан уй-жойли бўлиб олишини эшитиб қувонди. 

Kun.uz мухбири билан суҳбатда  у кўзига ёш олди. Айтганча, у кўзи ожиз бўлишига қарамай, касаначилик асосида тикувчилик билан шуғулланади.

«Президент ҳақига кўп дуо қилдим, Аллоҳ шундай неъматга бизни ҳам сазовор этибди. Фартук тикиш ҳам қийинлашиб бормоқда, кўзимда нур қолмаган. Қишнинг совуқ кунлари ўй суриб қолардим: менга бир нима қилса, болаларим нима қилади? Уларга ким ғамхўрлик қилади», дейди у.

Маҳбуба опанинг турмуш ўртоғи вафот этгач, оиланинг мусибати яна кўпайди: битта ҳам боқувчиси бўлмаган аёл ижтимоий нафақа пулига (ногиронлиги бўлган шахсларга берилади) яшашни бошлади. Қолаверса, ўсиб келаётган қизлар бор. Шу пайтда уй-жой ҳақида янгилик пайдо бўлди, ҳужжатлар расмийлаштирилди. Сертификат берилди, калит ҳам беришди. Бироқ...

«Уй-жой учун бошланғич бадал тўлангани ҳақидаги сертификат берилди. Бир неча марта ҳужжатларга имзо чекдим, тилхат ёздириб олишди. Аммо уйдан дарак йўқ. Кўп ойлар ўтди, мутасаддиларга учрасам, жеркиб беришади. «Кўзинг кўрмай қолмасин» деб масхара қилишди. Қизларимга айтмадим, аммо жуда хафа бўлдим. Наҳот, менга уй берилгани ёлғон эди», деб кўз ёшини яширолмади суҳбатдошимиз.

Нурота туман ҳокимининг Хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари шу масала бўйича Kun.uz мухбири билан суҳбатлашиб, ўша калит рамзий маънода берилганини таъкидлади.

«Албатта, Тоғаевага уй берилади. Тез орада мазкур иншоот қурилиши режалаштирилган. У калит эса рамзий маънода бўлган. Ҳокимлик бошланғич бадални тўлаб берган-ку», дейди у.

Kun.uz мухбири қизиққан масала бошқа бўлди: Маҳбуба Тоғаевага уй-жой етмай қолган бўлса, айни пайтда хонадонлар кимларга берилди? Бу борада ҳокимлик вакиллари бироз лабини тишлаб, жавоб беролмай қолди.

«Мен у пайтда ишламагандим, барча ҳужжатларни ҳокимнинг собиқ ўринбосари тайёрлаган», деб вазиятдан қуруқ чиқмоқчи бўлган «янги» ўринбосар охир-оқибат ҳокимликда мавжуд рўйхатни тақдим этди.

Маълум бўлишича, уй-жойларга эгалик қилаётган кишилар орасида оғир ижтимоий аҳволда бўлиб, ногиронлиги бўлган шахслар ёки шу таснифдаги аҳоли вакиллари беш нафарни ҳам ташкил этмайди.

Ҳокимлик мантиғига кўра, бир ҳовлида яшаб турган, ўз номида уй-жой бўлмаган оилага ҳам хонадонлар берилган. Аммо, рўйхатга назар ташлаганда, ҳеч қайси оилада Маҳбуба опанинг шароитини топмадик, ҳатто боқувчиси бўлиб, турмуш ўртоғи билан фарзандларини тарбиялаб турган аёлларга хонадон ажратилган.

Хулоса қилиб айтганда, ислоҳотлар ўз йўлига, аммо унинг ижроси устидан қаттиқ назорат ўрнатилмаса, ташаббус ва ўзгаришлар «меваси» бошқа оғизга бориб тушаверишда давом этяпти. Амалда эса Маҳбуба опага ўхшаган инсонларга «рамзий калитлар» тақдим этилиб, баҳоналар кўпаймоқда.​

Мавзуга оид